ФОТОРЕПОРТАЖ

Китоб мутолааси – ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Китобхонлик маданияти юксак авлодгина баркамол шахс сифатида шакллана олади.

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ахборот-кутубхона маркази ҳам аҳоли ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Марказ 19 минг 421 номдаги 64 минг нусхадан зиёд китоб фондига эга. Шундан бадиий адабиётлар 45 минг 966 нусхани, фан соҳаларига оид китоблар эса 17 минг 773 нусхани ташкил этади. Шунингдек, фонд газета, журнал ва электрон китоблар билан мунтазам бойитилиб боради.

Туман ҳокимлигининг кўмаги билан ахборот-кутубхона маркази яқинда Ойбек маҳалласи ҳудудидаги янги бинога кўчиб ўтди. Бу ерда китоб мутолааси учун зарур барча шароит яратилган. Илм олишни истаган ҳар бир китобхон илмий ёки бадиий адабиёт бўладими, барини шу ернинг ўзидан тезда топиши мумкин. Шу боис ҳам, кутубхона аъзолари кун сайин ортмоқда. Айни пайтда мазкур ахборот-кутубхона маркази хизматидан фойдаланувчи китобхонлар сони 13 минг 643 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, марказ ходимлари томонидан китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида турли интеллектуал танловлар, ижодий кечалар, акциялар ташкил этилмоқда.


Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА