Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ҳамда ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан маълумотнома ҳамда ҳужжатлар тақдим этилиши талаблари бекор қилиниб, давлат органлари томонидан ушбу маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олиш тартиби жорий этилди.

Давлат хизматларини кўрсатишнинг янги шакллари жорий қилиниши натижасида 23 та давлат хизматини композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2022 йил 20 апрелдаги тегишли фармони билан Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси тасдиқланди.

Миллий стратегияда давлат хизматлари кўрсатилишининг жорий ҳолати ва хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги энг яхши тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда, «Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаро эътибор марказида» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришнинг мақсадлари, вазифалари ҳамда устувор йўналишлари белгиланди.

Мазкур йўналишда ички ишлар органлари томонидан аҳолига 55 турдаги, шу жумладан Ички ишлар вазирлигининг марказий аппарати томонидан 18, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 13, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг жойлардаги бошқармаси ва бўлимлари томонидан 12, бошқа хизматлари томонидан эса 12 та давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

2022 йилда 1 261 977 фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаси, 1 337 816 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларига идентификацияловчи ИД-картаси берилган. Шу билан бирга, аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш ва давлат органлари ахборот тизимида мавжуд маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурияти мавжуд.

Хусусан, ID-карта ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш, автотранспорт воситасига давлат рақами беришда айрим ҳолатларда давлат хизматларининг ҳамон электрон шаклда амалга оширилмасдан, анъанавий шаклда олиб борилаётгани, навбатлар сонининг кўплиги эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Ҳудудларда ваколатли идораларнинг қуйи бўғин ташкилотларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари етишмовчилиги ёки интернет тезлигининг пастлиги электрон давлат хизматларининг кўрсаткичлари паст даражада сақланиб қолишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга, давлат хизматларининг мобил иловаси талаб юқори бўлган хизматларни тўлиқ қамраб олмаслиги, ушбу иловадан хизматнинг охирига қадар фойдаланиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш кўлами пастлигича қоляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида юқоридагилардан келиб чиқиб, ички ишлар вазири П.Бобожоновга «Ички ишлар органлари томонидан аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

М.Комилова, ЎзА