Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

— Ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17 минг 761 та мурожаат (2021 йилда 18 минг 738 та) келиб тушган, — деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова. — Уларнинг 14 минг 526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқаролари, хорижий давлатлар омбудсманларидан, шунингдек, 3 минг 235 таси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар ва уларнинг қонуний вакиллари томонидан юборилган. Фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ташкилот ва мансабдор шахсларга 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган. Хусусан, давлат органлари, ташкилотларига ҳамда судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 20 та тақдимнома, 36 та хулоса, 78 та даъво аризалари киритилган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 42,5 фоизга ошган.

2022 йилда 381 маротаба мониторинг ташрифлари ўтказилган, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошган. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашга эришилган. Шунингдек, ўтган йил давомида Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари томонидан жами 3 минг 235 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Мажлисда барча сиёсий партия фракциялари раҳбарлари Омбудсман ҳисоботи бўйича ўз муносабатини ҳамда таклифларини билдирди.

— Ўтган йил давомида Омбудсман номига келган мурожаатларнинг энг кўп қисми — 31 фоизи фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларига тегишли, — деди ЎзХДП фракцияси раҳбари У.Иноятов. — Бу эса маҳаллий даражада ҳал этиладиган масалалар мавжудлигини кўрсатади. Шунинг учун Омбудсманнинг жойлардаги ҳудудий вакиллари фаолиятини янада кучайтириш лозим.

Берилган таклиф-мулоҳазалардан сўнг мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА