Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда «10 дақиқада 45 минг доллар пул топишингиз мумкин» ёки «бироз пул тикиб, кўп маблағ топиш мумкин» шиори остида реклама ва эълонлар тарқатилаётгани инсон ақлини шошириб қўяди. Оз меҳнат қилиб, яхши даромад топиш ким ёқмайди, дейсиз?!

Бироқ, халқимиз бежиз «Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур», деб айтмаган.

Гарчи, такрор ва такрор ОАВларида, ижтимоий тармоқларда фирибгарликдан огоҳ бўлишга оид қатор видео роликлар, лавҳалар, мақолалар эълон қилиняпти, аммо, унга қарамай, фирибгарлар «тузоғи»га тушиб қолаётган юртдошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

«Менга Франциянинг бош вазири номига очилган телеграм аккаунтидан хабар келди. Унда «Сизга Франциянинг бош вазири ҳеч қандай гаровсиз, фоизсиз имтиёзли 250 миллион доллар кредит ажратди», дейилган. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун бир ҳисоб рақамга 1000 доллар тўлашимни айтди. Кейин «Бу маблағ етмади», деб «Яна 1000 доллар тўлов қилинг», деди. Бу пулларни тўладим. Шундан сўнг Франция банки ҳисоб рақамингизни текширишни айтяпти, сизга ишонишмаяпти, яна 550 доллар тўлашимни, ҳужжатларни нотариусдан тасдиқлатишим учун эса 1000 доллар сўради. Хуллас, жами бўлиб, 4 700 доллар тўладим. Сўнг телеграм аккаунтларини ўчириб, йўқ бўлиб қолди. Шундагина фирибгарлар «тузоғи»га тушганимни англадим…», дейди фарғоналик Ж.М.

«Яқинда инстаграмдан АҚШдаги банкларнинг бирида ишлашини айтиб, бир аёл хабар юборди, – дейди пойтахтлик Лайло Олимова. – Унинг айтишича, ўзбекистонлик бир оила ёнғин оқибатида ҳалок бўлган. У шахснинг банкда 333 миллиард доллар омонати борлигини айтди. Шу маблағни «Келинг, бирга бўлишиб оламиз», деб таклиф қилди. Кимга ҳам ғойибдан келган бойлик ёқмайди?! Бу таклифга рози бўлдим. Шунда у «Бу маблағни расмийлаштириш учун 1000 доллар тўлаб беринг, деб ҳисоб рақам юборди. Маблағни тўладим. Шундан кейин нотариусга 1000 доллар, банкка 3000 доллар, судга 2000 доллар сўради. 333 миллиард долларни олсам, бўлгани деб, бу пулларни бердим. Бу пулларни тўлаб бўлгач, фирибгар «банкир» йўқ бўлиб қолди. Оқибатда 7000 доллар пулимдан айрилдим. Шу ўринда фуқароларга айтган бўлар эдим: кимдир сизга тўсатдан катта мерос қолдиришни таклиф қилса, ўчириб ташланг. Бу хабарга бир марта алоқага чиқсангиз, сизга психологик таъсир кўрсатиб ўзига оғдириб олади. Ўзингиз билмаган ҳолда катта пулингизни йўқотиб қўясиз».

ЯНА БИР ҲИЙЛА…

Яна бир ачинарли ҳолат, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ёш қиз ва аёлларга фирибгарлар «биз нуфузли бир агентликданмиз. Сизни фотоларингизни Инстаграм, Facebookда кўриб чиқдик. Сизни сериалга, кинога, моделликка таклиф қиламиз», деб хабар йўлламоқда. Бу каби ёлғон хабарлар билан фирибгарлар қанчадан-қанча опа-сингилларимизнинг шаъни, қадр-қимматини тўкиб, моддий ва маънавий зарар етказмоқда.

Пойтахтлик Дилдора Исроилова ҳам мана шундай ёлғонларга алданиб қолган қизлардан бири.

«Хорижнинг нуфузли бир агентлигидан хабар келди, – дейди Дилдора. – Ўзини агентликнинг раҳбари деб таништирган кимса, кинога роль ўйнашга таклиф этди. Бунинг учун соатига 300 доллардан 500 долларгача маблағ тўлашини айтди. Улар мендан бироз замонавий очиқ сочиқ тушган фотоларни сўрашди. Бу фотоларни юборганимдан кейин улар менга шантажлик қила бошлади. «Ушбу фотосуратларингни интернетга тарқатиб юбораман. Агар буни хоҳламасанг, 1000 доллар пулни мана шу ҳисоб рақамига ташла», деб талаб қилди. Бир амаллаб бор зеб-зийнатимни сотиб, пулларни тўладим. Кейин ҳар ой шунча пул талаб қила бошлади. Шундан сўнг Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилдим. Улар менга ёрдам берди».

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази матбуот хизматининг маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда кибержиноятчиликнинг ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги 3 йил давомида кибержиноят сифатида эътироф этилаётган ҳолатлар сони 8 бараварга, яъни 600 тадан 5 000 тагача ортган.

Таъкидлаш лозимки, ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларни аниқлаш ва фош этиш учун алоҳида кўникма талаб этса-да, мазкур турдаги жиноятларнинг 80 фоизи очилган.

ФИРИБГАРЛИКНИНГ ЯНА БИР ЙЎЛИ…

Интернетда энг кўп тарқалган яна бир фирибгарлик, бу трендингдир. Ижтимоий тармоқларда йилига 200 минг фоизгача фойда олишни айтиб кўплаб эълонлар берилмоқда.
«Бирор бизнесга пул тикишдан олдин инсон шу бизнесни мукаммал ўрганиб чиқиши керак, – дейди иқтисодчи Рустам Намозов. – Афсуски, бугунги кунда кўпчилик тадбиркор бўлиш истагидаги ёшлар тезкор бойиб кетиш мақсадида интернетдаги фирибгарлар тузоғига тушиб қоляпти. Натижада бирданига банкрот бўлмоқда. Бизнесни бошлашда ўзининг босқичлари бор. Биринчидан, намуна сифатида бошлаган ишини секин-секин амалга ошириши керак. Интернетда бу борада маълумотлар жуда кўп. Аммо унутмаслик керакки, бизнес билан боғлиқ маълумотларнинг 95 фоизи ишончсиз. Буни эндигина олийгоҳни битириб келаётган ёшлар ажрата олмайди. Трейдинг соҳаси – молиявий инструментларнинг юраги ҳисобланади. Бу акциялар ёки валюта бирликлари бўлиши мумкин. Акция бозорида буни биз таҳлил қила олишимиз керак.

Мисол учун, ушбу компаниянинг ойлик, йиллик ҳисоботларини, келажакдаги режаларини, ҳозирги ҳолати қанақа, капитализация ва шунга ўхшаган жараёнларни текшириш зарур. Бугунги кунда мен трейдерман, шу соҳа орқали сизга даромад қилиб бераман, дегувчиларнинг аксарияти етарлича билимга эга эмас. Аммо улар жуда яхши маркетолог. Яъни инсонларнинг психологиясини билади. Шу «речак»лардан фойдаланиб, инсонларнинг маблағини ўзига жалб қилмоқда.

СОХТА КОМПАНИЯЛАР…

Шуни ҳам айтиш ўринли, бугунги кунда электрон платформалардан, хусусан, қуёш панеллари, электромобилларни қувватлаш станциялари ва бошқа лойиҳаларга инвестиция киритиш ниқоби остида молиявий пирамидалар ортиб бормоқда. Номи анчагина танилган йирик компанияларга инвестициялар киритиш орқали йиллик ўртача 500 фоиздан 2000 фоизгача даромад топишга аҳолини ишонтириб, катта миқдорда пул маблағларни жалб қилиб келган йигирмадан ортиқ сохта лойиҳалар аниқланган.
«Бугунги кунда бундай сохта компаниялар тури кўпайиб кетган. Ўзларини қандайдир катта компаниянинг вакили эканлигини тушунтиради, – дейди тадбиркор Муҳаммадамин Расулов. – Ушбу одамга ўз компаниясининг лицензиясини, маблағларини юборишади. Қарабсизки, бизнинг оддий халқимиз бунга ишониб алданади. Мисол учун, биз 50 минг сўм, ҳаттоки, 100 минг сўм билан ҳам трейдинг соҳасига жалб қилиниб, у орқали фирибгарларнинг айтганини қилишимиз ва юқори даромадга чиқишимизни айтади. Биз ўз-ўзидан инвестиция қиламиз. Шунда фирибгарлар пулларимизни кўпайтириб берилганини кўрсатишади. Сохта платформалар ёрдамида пулимиз кўпайтирилаётгани, яқин кунда маблағни ечиб олиш мумкинлигини, сўнг каттароқ сармоя киритиш кераклигини айтади. Ҳамма муаммо пулни ечиш жараёнида бошланади».

«Даставвал сиз киритган озроқ сармояни, кўпроқ ютиб оласиз, – дейди тошкентлик фуқаро Фарҳод Алиқулов. – Кейин сизга катта ўйинлар таклиф этилади. Менга ҳам 2000 долларни таклиф қилган. Бу пулни тиксам, 4000 доллар қилиб олишимни айтган. Бу пулни тикишим билан компьютерда нимадир бузилди. Нимадир блокланди. Компаниядагилар буни очиш учун инвестор келиб пул тикиши кераклигини, шундан кейин бу блок очилишини айтди. Банкдан тикилган пулингиз қайтариб юборилади, пулни қайтариб олиш учун фоизини сиз тўлашингиз керак, деди. Ўзи қоида бўйича банк пул юборганда, ҳамма хизмати учун ўша пулдан фоиз ушлайди. Лекин негадир улар олмайди. Сиз юборишингиз керак. Бизга юборган пулдан олиб қолса, бўлади-ку десак, йўқ, у пулга тегиш керак эмас, дейди. Фирибгарларнинг психологик таъсирида бўлиб, улар айтган пулларни юбораверасиз.

Охири улар хоҳлаган пулни йиғиб олганидан кейин бирданига телефон, телеграмдаги барча маълумотлар ўчади. Сиз уларга мутлақ керак бўлмайсиз. Ўшанда алданганингизни тушунасиз. Менинг фикримча, осон ва тез пул ишлаб олиш одамни қамраб олади, алданаётганини ҳам билмайди. Осон пул топаман деб, катта муаммоларга тушиб қолманг».

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА…

Айтиш жоиз, инвестиция киритмоқчи бўлган маҳаллий инвесторлар хорижий инвесторлар алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг веб-сайтида лицензия олган Ўзбекистон Республикасида қимматли қоғозлар бўйича операцияни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бир қатор инвесторлар бор. У ерда брокерлар, инвестор воситачиларининг телефон рақамлари, юридик манзиллари келтириб ўтилган. Улар бизнес бошламоқчи бўлганлар учун зарур маслаҳат беради.
Интернет тармоқларида кўпинча банкдан онлайн кредит олиш, турли ютуқли акцияларда иштирок этишга чақирувчи эълонлар берилади ёки сизга бирор хорижлик бадавлат инсондан мерос қолгани айтилади. Ҳавола орқали ўтганингизда эса сиздан пластик картангизнинг амал қилиш муддати, устидаги 16 хонали рақам ҳамда телефонингизга юборилган кодни киритиш сўралади. Буларни бажарсангиз, картангиздаги барча пуллар ечиб олинади.
Марказий банкнинг маълум қилишича, бугунги кунда сохта ҳаволалар яратилмоқда. Яъни машҳур брендлар ёки банклар, тўлов ташкилотларининг логотиплари билан банк мижозларига хабарномалар тарқатилмоқда. Қандайдир лотерея ўйинлари ёки акцияларида иштирок этдингиз, сиз ғолиб бўлдингиз, совринларни олишингиз учун ўзингизга тегишли бўлган маълумотларни киритинг ва пуллар эса банк картангизга ёки электрон ҳамёнларингизга тушади, деган мазмундаги хабарлар тарқалмоқда. Бу хабарларга фуқароларимиз томонидан билиб-билмай алданган ҳолатлар кўп учрайди. Ҳар қандай ҳимоя тизимида инсон омили энг заиф бўғин ҳисобланади. Шундай экан, ҳеч қачон ўзингизга тегишли бўлган банк карта рақами ва СМС орқали келган тасдиқлаш кодларини нотаниш одамга берманг. Банклар ёки тўлов ташкилотлари ходимлари ҳеч қачон сиздан бундай маълумотларни сўрамайди. Чунки бундай маълумотлар ўзининг тизимида бор.
IT фирибгарларининг яна бир кўриниши интернетдаги бирор сайтни олиб, шунинг клонини ясайди. Масалан, интернет дўконини ясаганда, унинг битта ҳарфини ўзгартириб қўяди. Сиз унга эътибор бермайсиз. Натижада тўлов қилиб, паролингизни киритасиз ва сизни барча Телеграм маълумотларингиз, контактларингизни кўради. Биринчидан жозибадор нархларда маҳсулотлар қўйилади. Уни нақд пулда тўламоқчи бўлсангиз, курьер маҳсулотни олиб келади. Маҳсулотни пулни тўламасдан олдин очолмайсиз. Натижада уйга келиб қутини очсангиз, ичида ғишт бўлади.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, сохта платформаларнинг IP манзиллари чет эл серверларида жойлашганлиги, уларнинг аниқлаш имкониятини чегаралаб қўймоқда. Натижада сохта платформаларда инвесторлар иштирок этган шахслар жабрланиб киритилган маблағларни ортга қайтариш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда интернетда авж олган фирибгарликлардан яна бири эркин савдо майдончаларида жойлаштирилган эълонлардир. Ҳуқуқни сақлаш органларига мурожаат қилган Николай Тарасовнинг айтишича, у Olx.uz сайти орқали «Chevrolet Epica» автомобилини сотиб олмоқчи бўлган. Эълон муаллифи унга ушбу автомобиль Украинада эканини, агар Тарасов пули борлигини тасдиқласа, уни Ўзбекистонгача ҳайдаб боришга тайёрлигини айтган. Николай сотувчи номига 4000 АҚШ доллар ўтказган. Шундан сўнг сотувчи алоқага чиқмай қўйган.
Худди шундай воқеа Саид Зоиров исмли фуқаро билан ҳам содир бўлган. Унга «Chevrolet Lacetti» автомобилини ҳайдаб келишни ваъда беришган.
Хулоса қилиб айтганда, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик учун биринчи навбатда ўзимиз огоҳ бўлишимиз, ҳуқуқий ва молиявий билимимизни оширишимиз керак.

Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА