Нукусда республикада кураш турларининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими, эркин, миллий ва дзюдо курашлари бўйича спорт устаси Жақсимурат Мамбетов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган миллий кураш бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада шаҳар ва туманлардан, олий ўқув юртларидан полвонлар иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида фахрий полвон, таниқли мураббий ва тажрибали устознинг Оролбўйида спортни, шу жумладан кураш турларини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, спортчиларни ва соҳага етук мутахассисларни тайёрлашдаги алоҳида хизматлари эътироф этилди.

Жақсимурат Мамбетов ёшлигидан эркин кураш билан мунтазам шуғулланиб, Қорақалпоғистон, Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ миқёсидаги кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, катта ютуқларни қўлга киритган. Шунингдек,  1967-1984 йилларда эркин кураш бўйича Қорақалпоғистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида мамлакатимизда етакчи ўринларни эгаллаб келган.

Мусобақа якунида 73 килограмм вазн тоифасида қораўзаклик  Алтинбай Тилеўниязов биринчи, Қўнғирот туманидан Менглибек Юлдашев иккинчи, яна бир қўнғиротлик Мағжон Нуришов ва қонликўллик Бабур Абатбаевлар учинчи ўринларни эгаллади. Мутлақ вазн тоифасида Нукус туманидан Заҳириддин Зайтов биринчи, Қўнғирот туманидан Азат Оринбаев иккинчи, қўнғиротлик Эргаш Айтбаев ҳамда Чимбой туманидан Сипатдин Нуратдиновлар учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан  махсус диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА