Маълумки, 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича солиқ ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Солиқ сиёсатидаги бу энг муҳим ўзгариш ва имтиёз натижасида тадбиркорларнинг ихтиёрида 13 триллион сўм миқдорда маблағ қолиб, ундан ўз фаолиятларини янада кенгайтиришда фойдаланиш имконияти яратилди. Шунингдек, қопланадиган (қайтариладиган) ҚҚС суммасининг асослилиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш муддатлари 60 кундан 30 кунга қисқартирилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси йиғилишида қайд этилди. Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев “Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш, уларга гувоҳнома бериш, гувоҳномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тартиби юзасидан” ахборот берди.

— Мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш ва соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. — деди Жаҳонгир Абдиев. — Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясида ҳисобда турадиган солиқ тўловчиларга товарларни импорт қилиш чоғида ҚҚС тўлови ҳисобига бюджетдан қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди. ҚҚСни ўзаро ҳисобга олиш солиқ ва божхона органлари томонидан автоматик режимда амалга оширилади.

Йиғилишда ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказишни солиқ хавфини баҳолаш асосида амалга ошириш тартиби бўйича ҳам ахборот берилди.

Таъкидланганидек, ҚҚС тўловчилардан 2022 йилда 27  минг 554 та ариза келиб тушган бўлса, улардан 22 минг 554 таси рўйхатдан ўтказилган.

Депутатлар ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтказишда солиқ тўловчиларнинг хавф даражаси инсон омили иштирокисиз автоматик дастурлар орқали аниқланганда аризалар кўриб чиқилиши, махсус рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома автоматик тарзда берилишига оид фикрларини билдирди.

Шунингдек, 2021-2022 йилларда ҚҚС тўловчиларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш, уларга махсус гувоҳнома бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш тартиби бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида, шубҳали операциялар натижасида тўхтатилган ёки бекор қилинган ҚҚС тўловчиларининг гувоҳномалари ҳолати, ҚҚС тўловчиларини махсус рўйхатдан ўтказиш, уларга гувоҳнома бериш, гувоҳномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилишдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширалаётган ишлар бўйича саволлар берди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА