Қозоғистоннинг Остона шаҳрида енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги 10-қитъа чемпионатида мамлакатимиз спортчилари муносиб натижаларга эришди.

Чемпионатнинг сўнгги кунида иштирокчилар 13 та йўналишдаги баҳсларда қатнашди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бешта йўналишда медаллар учун кураш олиб борди. Кўпкурашда Заҳириддин Қодиров, баландликка сакрашда Барнохон Сайфуллаева, узунликка сакрашда Анвар Анваров, ушбу йўналишнинг қизлар ўртасидаги финал баҳсида Даря Резниченко ҳамда 400 метрга жамоавий югуриш мусобақасида Лайло Аллаберганова, Фарида Солиева, Камила Мирсалиева, Малика Ражабова ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.

4х400 метрга югуриш эстафетасида стартга чиққан қизларимиз иккинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтишди. Улар эришган 3:46:45 дақиқалик кўрсаткич янги миллий рекорд сифатида қайд этилди. Узунликка сакраш йўналишида «Токио-2020» Олимпиадаси иштирокчиси Даря Резниченко 6.37 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Айтиш лозим, чемпионатнинг илк кунида ҳамюртларимиздан Екатерина Воронина барча рақибаларини ортда қолдирган ҳолда беш кураш дастурида олтин медални қўлга киритган бўлса, умидли спортчимиз Шарифа Давронова уч хатлаб сакраш дастурида терма жамоамизга иккинчи олтин медални тортиқ этди.

Шарифа 16 ёш бўлишига қарамай, катталар ўртасидаги қитъа чемпионатида 13.98 метр натижа кўрсатиб, нафақат Осиё, балки жаҳон енгил атлетикасида ном қозонган спортчиларни доғда қолдирди ва шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди.

Эътиборлиси, Шарифа иштирок этган дастурда бир қатор қитъа чемпионатлари рекордчилари, Токио олимпиадаси иштирокчилари баҳс юритди. Масалан, Шарифадан кейин 2-ўринни эгаллаган япониялик Марико Маримото Осиёда ўз ўрнига эга енгил атлетикачи саналса, 3-ўрин соҳибаси бўлган хитойлик Чен Тин «Токио-2020» олимпиадаси иштирокчиси ҳисобланади.

30 дан ошиқ мамлакатдан 500 нафарга яқин енгил атлетикачилар иштирок этган чемпионатни Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медаллари билан якунлади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА