ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, пойтахтимизда ўтказилган қиличбозлик бўйича аёллар ўртасида Жаҳон кубоги ниҳоясига етди.
Жаҳон рейтинги учун қимматли очколар тақдим қиладиган баҳсларда Италия, Франция, Жанубий Корея, Греция, Озарбайжон, АҚШ, Германия, Венгрия каби дунёнинг 20 давлатидан 158 нафар спортчининг иштироки мусобақа нуфузининг баландлигини кўрсатиб турибди. Беллашувларда терма жамоамизнинг 19 нафар вакили қатнашди.
Илк кунги саралаш баҳсларида Зайнаб Дайибекова ҳамда Фернанда Эррера кейинги босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга кирита олди. Дастлаб, Зайнаб Дайибекова украиналик рақибаси устидан 15:10 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо Фернанда туркиялик рақибасига имкониятни бой берди. Зайнабнинг 1/16 финалдаги рақибаси грециялик Теодоро Гкунтора бўлди. Ҳамюртимиз қанчалик тиришмасин Теодорога имкониятни бой берди: 12:15. Бу натижа билан яккалик баҳслари ниҳоясига етди.
Жамоавий баҳсларда терма жамоамиз аъзолари Зайнаб Дайибекова, Севинч Исмоилова, Паоло Плиего ва Айсулув Уснатдинова мамлакатимиз шаънини ҳимоя қилди. Грециялик тенгдошларига қарши учрашувда қизларимиз матонат ва маҳорат кўрсата олди. 45:38 ҳисобида ғалаба қозонган саблячи қизларимиз чорак финалга чиқиш учун венгриялик спортчилар билан баҳсга киришди. Чорак финалга чиқиш учун бўлган ҳаракат ўзини оқламади: Ўзбекистон-Венгрия 29:45.
Ҳамюртларимиз 9-ўрин учун бўлган жангларда гарчи Япония, Руминия жамоаларини таслим этишган бўлсада, испаниялик саблячи қизларга имкониятни бой беришди. Натижада, Жаҳон кубогида 10-ўрин билан чекланишди.
Сабля бўйича аёллар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубогининг ғолиб ва совриндорлари:
1-ўрин – Болгария,
2-ўрин – Озарбойжон,
3-ўрин – Жанубий Корея.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА