Венгриянинг Дебретсен шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда мамлакатимиз боксчилари 6 та медални қўлга киритиб, 30 га яқин иштирокчи давлатлар орасида муносиб натижа қайд этди.

Беш кун давом этган турнирда Ўзбекистон терма жамоасининг иккинчи таркиби билан қатнашган вакилларимиз жаҳон ва қитъа чемпионатларининг ғолиблари, Олимпия ўйинларининг совриндорлари билан жанг олиб борди.

Мусобақада Қозоғистон, Бельгия, Венгрия, Украина, Австралия каби қатор жамоалар асосий таркиб билан иштирок этди. Турнирда жаҳон боксида ўз номига эга украиналик Александр Хежняк, қозоғистонлик Ойбек Оралбой, Австралия вакили Гарри Гарсайда, бельгиялик Васил Устуроем каби тажрибали боксчиларнинг қатнашганлиги 64 бор ўтказилган турнир нуфузини белгилаб берди.

Баҳслар якунига кўра, 54 килограммда Ойбек Жўраев олтин, 51 килограммда Зиёвуддин Алижонов ва 80 килограммда рингга кўтарилган Тўрабек Ҳабибуллаев кумуш ҳамда Самандар Холмуродов (57), Айдос Тагайбаев (63,5), Раҳматилло Бойматов (80) бронза медалларига мушарраф бўлди.

Венгриядаги турнир завқи поёнига етиш арафасида ёш боксчиларимиз Россиянинг Комсомолск шаҳрида ташкил этиладиган анъанавий турнирга жўнаб кетди.

Жорий йил 12-19 февраль кунлари бўлиб ўтадиган мазкур мусобақада мамлакатимизнинг 13 нафар чарм қўлқоп устаси совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Ушбу турнирда Ўзбекистон бокс федерацияси ҳакамлар кенгаши аъзоси Саҳида Яқубова ҳакам сифатида фаолият кўрсатади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА