Ўзбекистон ва Тожикистон крикет спорт тури вакиллари ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон крикет федерацияси хабар берди.
Хабарда айтилишича, Марказий Осиёда крикет спортини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон крикет федерацияси таклифига биноан Тожикистон крикет федерацияси раиси Нажибуллоҳи Рўзи юртимизга келди.
Қўшни давлат критек федерацияси вакиллари пойтахтимизда жойлашган Крикет академияси ва бошқа спорт мажмуалари билан танишди. Мамлакатимизда маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, саралаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.
Мулоқотлар давомида Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев ҳамда Тожикистон крикет федерацияси раиси Нажибиллоҳи Рўзи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Имзоланган ҳужжатга кўра, Халқаро крикет кенгаши (ICC) томонидан таъсис этилган уч босқичли халқаро мусобақаларни ҳамкорликда ўтказиш истиқболлари яратилади.
Келишувга мувофиқ, жорий йилнинг май ойида крикет бўйича Тожикистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари Тошкентда ўқув-машғулот йиғинлари ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда крикет спорт тури билан 300 нафар атрофидаги ёшлар шуғулланади. Ушбу спорт тури жорий йил Хитойда ўтадиган «Ханчжоу-2022» ёзги Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган.
Т.Рўзиев,
ЎзА