Умумхалқ Наврўз байрами шодиёналари кунларида Тахиатош тумани марказида «ATIYAJ–GULZAR» масъулияти чекланган жамиятининг донни қайта ишлаш корхонаси фойдаланишга топширилди.
Мазкур корхонага Туркиянинг «OR-TAS» фирмасининг умумий нархи 1 миллион 50 минг АҚШ доллари бўлган замонавий ускуналари олиб келиниб ўрнатилди. Суткасига 120 тонна донни қайта ишлаш қувватига эга корхонада 90 тонна ун, 30 тонна кепак ишлаб чиқарилмоқда. 25 ва 50 килограммлик «Бешқалъа», «Stella» савдо белгиси остида чиқарилаётган ун маҳсулотлари корхонанинг икки дона IZUZU русумли юк автомашиналарида Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларидаги, шунингдек Хоразм вилояти савдо марказларига етказиб берилмоқда.
-2015 йилда қурилиши бошланган корхонамизни «Асакабанк»дан олинган 7 миллиард сўм кредит эвазига қуриб битказиб, байрам арафасида фойдаланишга топширдик,-дейди «ATIYAJ-GULZAR» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азат Мустафаев.-Мақсадимиз аҳолини сифати Қозоғистон унларидан қолишмайдиган ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулот билан таъминлашдан иборат.
Корхонада «Бешқалъа», «Stella»дан ташқари яқин кунларда «Тумор» савдо белгиси остида ун маҳсулоти чиқарила бошлайди.
Янги корхона фаолият бошлаши билан 60 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Улардан аксариятини ёшлар ташкил этади.
Қорақолпоғистон ахборот агентлиги