Муҳаммет Энес Пўлат Туркия телерадиокомпаниясининг журналисти: – Ўзбекистон салоҳияти жуда юқори мамлакат. Унинг имкониятлари кенг. Шу билан бирга ташаббуслари ҳам жуда аҳамиятли. Бу унинг ички ва ташқи бозорда ўз ўрнига эга бўлиш учун олиб бораётган иқтисодий, сиёсий ислоҳотларида яққол кўриниб турибди. Қўни-қўшничилик муносабатларига жиддий ёндашуви бошқа давлатларга ўрнак бўлгулик даражада. Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ўрнатиш, мамлакатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва инфратузилмавий муносабатларини тизимли йўлга қўйишдан кўплаб давлатлар бирдек манфаатдор.
Узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган Афғон воқеалари кўплаб давлатларни ўйлантиради. Мазкур конференция доирасида бу муаммо ҳал бўлмаслиги мумкин. Аммо бу каби хайрли ишларнинг ҳамкорликда ва тизимли давом эттирилиши, қабул қилинадиган қарорлар, таклифлар албатта ўз самарасини беради, деб ўйлайман. Ушбу анжуман давомида хавфсизлик масалалари, аҳоли тинчлиги ва фаровонлигига эришиш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, уни ҳал этишнинг муносиб ва ўзаро манфаатли йўлларини топишга ҳаракат қилинади. Бу масалаларнинг натижаси биз учун жуда муҳим.