Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистонда қурилаётган уйларнинг сифати ва зилзилабардошлиги бўйича жамоатчиликда туғилаётган саволлар бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, Президентимизнинг 2022 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва амалдаги ҳужжатлар асосида қурилиш объектларида аввало инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича муайян тизим асосида ишлар ташкил қилинади. Хусусан, маълум бир объектнинг лойиҳасини тайёрлаш учун дастлаб архитектура режалаштириш топшириқлари ишлаб чиқилади, сўнг лойиҳа таклифи архитектура кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Республикамиз ҳудудлари сейсмик балл кўрсаткичлари бўйича зоналарга бўлинган. Шундан келиб чиққан ҳолда, бош режаларда ҳудудларда объектларни жойлаштиришда мазкур сейсмик балл кўрсаткичлари инобатга олинади. Лойиҳа ташкилотлари томонидан объектлар ҳудуднинг белгиланган сейсмик баллидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштирилади.

Бундан ташқари, объектни лойиҳалаштиришдан олдин у жойлашган ер майдони бўйича топографик тасвир ва геологик тадқиқот амалга оширилади, шунингдек, грунт таркиби ва хусусиятлари, сизот сувлар сатҳи ва шу каби бошқа масалалар ҳам ўрганилади. Ушбу тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда, объектни жойлаштириш, унинг қаватлар сони, фундаменти, конструкциялари ва габарит параметрлари бўйича лойиҳа ечимлари танланади.

Мазкур жараёнлардан кейин объектлар бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Бунда, эса сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамликни таъминлашга қаратилган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига қатъий амал қилинади. Объектнинг лойиҳа ҳужжатлари тайёр бўлгандан сўнг, ваколатли эксперт ташкилотлари томонидан экспертизадан ўтказилади. Бунда ҳам сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамлик масалалари бўйича алоҳида кўриб чиқилади.

Қайд этиш керакки, мураккаблик даражаси 4-тоифа объектлари қўшимча равишда Фанлар академияси ҳузуридаги Сейсмология институти томонидан ҳам сейсмик экспертизадан ўтказилади. Ушбу тизим бўйича Президент ва Ҳукумат қарорлари ҳам қабул қилиниб, алоҳида тартиблар белгиланган.

Объект лойиҳасида сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамлик масалалари тўлиқ кўзда тутилганлиги бўйича ижобий экспертиза хулосалари олингач, қурилиш ишларини бошлашга рухсат берилади. Объектларнинг қурилиш жараёнида эса 4 хил турдаги назорат ишлари юритилади.

Яъни, пудрат ташкилотининг ички назорати, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати, буюртмачи ташкилотининг техник назорати ва Инспекциянинг давлат назорати юритилади. Шунингдек, бунда объектга олиб келинган қурилиш материаллари ва буюмлар сифати ҳам назоратга олинади. Хусусан, қурилиш материаллари, конструкциялар ва буюмлар ҳудудий инспекция ҳузуридаги махсус синов лабораториялари томонидан ҳам синовдан ўтказилади.

Қурилиши якунланган объектларда барча норма ва талаблар тўлиқ бажарилганлиги ҳамда уларда ишлар сифатли бажарилганлиги тасдиқлангандан сўнг, фойдаланишга рухсат берилади. Бунда тегишли далолатномалар Инспекция томонидан онлайн электрон тизим орқали тасдиқланади.

Бу тартиб республикамизнинг барча қурилиш объектларига тааллуқлидир. Бугунги кунда Қурилиш ва коммунал хўжалигида назорат инспекцияси томонидан “Қурилишда давлат назорати” миллий ахборот тизими яратилиб, тўлиқ ишга туширилган.

Мазкур тизимга 30 минг 823 та қурилиш объекти киритилган бўлиб, қурилаётган объектларда назорат ишлари олиб борилмоқда. Бироқ шуниси эътиборлики, инспекциянинг ўтган йили архитектура йўналиши бўйича олиб борган текширувлари натижасида 6 минг 102 та ноқонуний қурилишлар аниқланган.

Қурилиш-монтаж ишлари тугалланган бино ва иншоотлардан  фойдаланишга рухсат бериш бўйича 16 минг 576 та мурожаатлар келиб тушган. Бунда 11 минг 162 та объектнинг қурилиш ишлари белгиланган нормаларга тўғри келмаслиги боис қатъий рад этилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА