Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Японияда хизмат сафарида бўлди. Делегация таркибида олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев хизмат сафари давомида қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Ш.Далиев Япониянинг Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири, Япония Парламент аъзоси Абе Тошико хоним ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари, Япония Парламент аъзоси Такебе Арата билан учрашди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот давомида олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларида истиқболли режалар юзасидан фикр алмашилди. Ташриф давомида Бухоро шаҳрида Ўзбекистон-Япония олий таълим муассасалари ректорларининг навбатдаги Бешинчи форумини ўтказиш таклифи берилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, бу шаклдаги форумлар 2011, 2015, 2019 ва 2022 йилларда ташкил этилган.
Суҳбат давомида икки давлат олийгоҳлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати, Япония университетлари билан турли таълим йўналишлари бўйича “икки диплом” (double-degree diploma) қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистондаги таълим фаолиятини Япония университетларининг ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширишга келишилди.
Шу билан бирга, япон тили ва адабиёти, архитектура ва қурилиш, энергетика, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, геология, тоғ-кон саноати, биотехнологиялар, нанотехнологиялар, кимё технологиялари, ахборот технологиялари ва бошқа йўналишлар бўйича маърузалар ўқиш учун япон ўқитувчиларини Ўзбекистонга таклиф этиш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА