Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлига эга мамлакат. Унинг ташаббуси эса эътирофга муносиб

Даниел Кислов, Россиянинг “Фергана.ру” ахборот агентлиги бош директори: Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тараққий этаётганини эътироф этишдан мамнунман. Айниқса унинг туристик жиҳатдан юксалаётгани мени ҳайратда қолдирди. Анчадан буён бу жаннатмакон юртда бўлмагандим. Ўз тараққиёт йўлига эга бўлган ушбу давлатдаги ривожланиш, унинг қўшни мамлакатларга муносабати, Афғонистондаги вазиятга бўлган эътибор билан ёндашуви мени журналист сифатида жуда қизиқтирмоқда.

Айни вақтда бутун дунё экспертлари билан бирга журналистлари ҳам ушбу воқеага алоҳида эътиборини қаратган. Чунки қўшни давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратилган қатор ташаббуслар билан чиқиб, жон куйдириб, турли лойиҳа ва анжуманларга бош бўлаётган Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларига эга. Бу ташаббус унинг ўз принциплари, тизимли тараққиёт режасига эга давлат эканидан далолат.

Бу анжуман кейинчалик ҳам ташкил этиладиган бир қатор хайрли ишларнинг, кўп томонлама ҳамкорликнинг асоси бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА