Жорий йилнинг март ойида мамлакатимиз 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинларига мезбонлик қилади.

1-18 март кунлари қитъа футбол фанатларининг нигоҳи Тошкентга қаратилади. Ўзбекистон 20 ёшгача бўлган футбол жамоалари орасида қитъа кучлиларини аниқлайди. Пойтахтимизнинг яшил майдонларида янги футбол юлдузлари кашф этилади.

Футбол ихлосмандлари диққат марказида бўладиган мазкур қитъа кубоги ўйинларининг бир қатор учрашувлари мусобақа тақвимига биноан пойтахтимиздаги “Бунёдкор” ўйингоҳида ўтказилиши белгиланган. Айтиш лозим, ушбу ўйингоҳ 2012 йили фойдаланишга топширилган. Стадион 34 минг нафар томошабинни ўз бағрига сиғдира олади.

“Бунёдкор” стадиони Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 1 март куни бўладиган Ўзбекистон-Сурия, 3 март кунги Саудия Арабистони-Қирғиз Республикаси, 4 март кунги Ироқ-Ўзбекистон, 6 мартдаги  Хитой-Саудия Арабистони, 8 мартдаги Корея Республикаси-Тожикистон ўйинларини қабул қилади. Шунингдек, 11 мартда ўтказиладиган чорак финал, 15 мартдаги ярим финал ҳамда 18 март кунига белгиланган финал учрашуви ушбу ўйингоҳда ўтказилади.

“Бунёдкор” стадиони администрацияси хабарига кўра, айни кунларда ушбу ўйингоҳда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ўтган йил июль ойидан бошланган бунёдкорлик ҳаракатлари охирлаб қолди.

Куни кеча стадиондаги таъмирлаш ишларининг сўнгги жараёнлари билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов етакчилигидаги мутахассислар танишди. Таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг умумий ҳолати бўйича ўз тавсияларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинларида қитъанинг 16 та жамоаси совринли ўринлар ҳамда Индонезияда ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб боради. Ўйинлар “Бунёдкор” стадиони билан бирга пойтахтимиздаги “Локомотив”, “ЖАР” ва “Истиқлол” стадионларида бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев, ЎзА