Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясига қизиқиш жуда юқори. Зеро, ушбу нуфузли анжуман қўшни давлатда тинчлик ўрнатиш орқали унинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга қўшилиши учун ҳар томонлама шарт-шароит яратади.
Ўзбекистон бир неча йиллар давомида нотинч бўлиб келаётган Афғонистон билан бевосита чегарадошлиги туфайли афғон муаммосининг ижобий ҳал этилишидан манфаатдордир. Чунки қўшни афғон заминида можароли вазият сақланаётган бир вақтда барқарорликни таъминлаш ва осойишталикка эришиш муаммоли бўлиб қолаверади. Президентимиз айтганидек: “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир”.
Кейинги бир ярим йил мобайнида Давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан олиб борилаётган яқин қўшнилик, қардошлик алоқаларидаги янгича ёндашувларни бутун дунё эътироф этмоқда, халқаро экспертлар, таниқли сиёсатчилар юқори баҳоламоқда. Айниқса, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, афғон халқининг ўз тақдирини мустақил, тинч йўл билан ҳал қилишига эришиш масаласини халқаро миқёсда кўтаргани Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатдаги вазиятга бефарқ эмаслигига ёрқин мисолдир.
Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал қилиш юзасидан ташаббусларини нафақат сўзда, балки ўзининг амалий саъй-ҳаракатлари орқали ҳам намоён этмоқда. Хусусан, Афғонистон тарихида илк темир йўл (Термиз – Ҳайратон – Мозори Шариф йўналишида) бундан 5-6 йил илгари ўзбекистонлик қурувчилар томонидан бунёд этилди ва фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшни мамлакатга шифохоналар, мактаблар, автомобиль йўллари, кўприклар қуришда кўмаклашмоқда. Бугун Ўзбекистондан Қобул шаҳрига электр энергияси етказиб берилаётир.
Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари ўртасида ўзаро муносабатлар мунтазамлик касб этаётир. Сўнгги вақт ичида икки давлат раҳбарлари беш марта учрашишиб, икки давлат етакчилари яқин ва самарали муносабат ўрнатди, ўзаро ишончли ҳамкорликни шакллантирди.
Айниқса, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг ўтган йил декабрда Ўзбекистонга расмий ташрифи том маънодаги тарихий воқеаларга сабаб бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказини ташкил этиш бўйича битим имзоланди. Ушбу битимга мувофиқ, қисқа вақтда Термиз шаҳрида шундай марказнинг фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда марказда ўзбек тили ва адабиёти бакалавр йўналиши бўйича 96 нафар афғонистонлик талаба ўқитилмоқда.
Ўзбекистон Афғонистон бўйича олий даражадаги йирик анжуманларни шу билан тўхтатиб қўймайди. Келгусида ҳам икки ва кўп томонлама муносабатлар доирасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги сиёсий жараёнга кўмаклашишга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади. Биз, ён қўшнимиз афғон халқининг ҳам тинч, тўкин турмуш кечиришини истаймиз. Зеро, ўзбек ва афғон халқи қадимдан битта дарёнинг икки қирғоғида яшаган қардош халқлардир.