Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш муаммоларига бағишлаб ташкил қилинаётган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида олий даражадаги конференция юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Қодир Жўраев ўз фикрларини билдирди.
Маълумки, Ўзбекистон жафокаш афғон заминида тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор давлат ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон қўшни мамлакатда узоқ муддатли барқарорлик ва тинчлик сақланишининг қатъий тарафдори сифатида бу мамлакатга нисбатан анъанавий тарзда яхши қўшничилик ва дўстона сиёсат юритаётганлигини кузатишимиз мумкин.
Ўзбекистоннинг афғон муаммоси юзасидан тутган тинчликпарвар позицияси мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг қатор чиқишларида, хусусан, 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилган эди. Президентимиз жумладан, «Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолади. Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир» – деб алоҳида таъкидлаган эди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал қилиш юзасидан ташаббусларини нафақат сўзда, балки ўзининг амалий саъй-ҳаракатлари орқали ҳам намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз Афғонистоннинг иқтисодий инфратузилмасини ривожлантиришга, ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, Афғонистон тарихида илк темир йўл (Термиз – Ҳайратон – Мозори Шариф йўналишида) бундан 5-6 йил илгари ўзбекистонлик қурувчилар томонидан бунёд этилди ва фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшни мамлакатга шифохоналар, мактаблар, автомобиль йўллари, кўприклар қуришда ҳам баҳоли қудрат ёрдам кўрсатмоқда. Бугун Қобул шаҳри Ўзбекистондан етказиб берилаётган электр энергияси ҳисобидан ёритилмоқда. Жорий йилдан бошлаб, 100 нафарга яқин афғонистонлик ёшлар ўзбек тилини ўрганиш, темир йўл ва бошқа мутахассисликларни эгаллаш мақсадида Термиз шаҳрида таҳсил олишни бошлади.
Ушбу мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистон ўз эътиборини Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратиб, бу борада халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Ҳозирги кунда Афғонистондаги вазият, афсуски, анча мураккаб бўлиб, ички низо ва қарама-қаршиликлар ҳали-ҳамон сақланиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз раҳбари 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги конференцияда Марказий Осиё, жумладан, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг кенг қамровли дастурини таклиф этди.
Самарқанддаги халқаро анжуманда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Президенти хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “ялпи хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарурлигига тўғридан-тўғри даъват қилди. Ҳақиқатан ҳам, Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Шу билан бирга, Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб ушбу мақсадга эришишнинг иложи йўқ, чунки у тарихий ва геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиё минтақасининг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Зеро, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш нафақат афғон заминида, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётнинг муҳим омили саналади.
Қолаверса, Афғонистонда узил-кесил тинчлик ўрнатиш орқали Марказий Осиё давлатлари Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига чиқишнинг энг қисқа йўлига эга бўлишлари, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари бозорларига ўз маҳсулотларини экспорт қилишлари мумкин.
Шундан келиб чиқиб таъкидлаш мумкинки, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш масалалари юзасидан амалий музокараларни йўлга қўйиш, ушбу мамлакатда миллий ярашув жараёнини кенг қўллаб-қувватлаш учун қулай муҳит яратиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этади. 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар делегацияларининг иштирок этишини ҳисобга оладиган бўлсак, Тошкентда бўлиб ўтадиган мазкур халқаро конференция Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва унинг минтақа ва бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб қилинишини таъминлашда муҳим қадам сифатида хизмат қилиши шубҳасиздир.