Президентнинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги жамоатчилик муҳокамасига қўйилган фармони лойиҳасида таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш чоралари белгиланди.

Унда 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Натижада, 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади. Ушбу жараёнга ёшлар етакчилари ва ҳудуддаги таниқли тадбиркорлар жалб қилинади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган янги ўқув дастурлари амалиётга киритилади.

Бунда умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-4 синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш, 5-9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш, 10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинади.

Бошланғич синф ўқувчиларини жамоа бўлиб ишлаш, мулоқот қилиш, креатив ва танқидий фикрлаш кўникмалари асосида ўқувчини мантиқий фикрлашга, ўз фикрини ифода эта олишига ва дарсларда эркин муҳитни шакллантиришга эътибор берилади.

10-11-синфларда 14 та мажбурий фанлардан ҳафталик юкламаси 31 соатни ташкил этади. Такомиллаштирилган ўқув режа асосида 8 та мажбурий фан ва 2 та танлов фан (кимё-биология, математика физика, тарих-ҳуқуқ, она тили ва адабиёт-чет тили) танлаш имконияти яратилади.

ЎзА