Президентнинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унда “Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилда 53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 2 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилиши белгиланди.

Маълум қилинишича, 2022 йилда 44 мингта хонадон қурилиб ва фойдаланишга топширилган бўлиб, белгиланаётган чоралар амалга оширилиши натижасида, 2023 йилда қуриладиган хонадонлар сони ўтган йилга нисбатан камида 100 фоизга кўпаяди.

26 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар йўналтирилади.

Натижада, 2023 йилда аҳолига ипотека кредитлари доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга 1 триллион сўм миқдорида субсидия ажратилади.

Жорий этилган аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш ҳисобига компаниянинг устав фонди 100 миллион АҚШ доллари эквивалентига етказилади. Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилади. Натижада, аҳолига қўшимча 3 мингта ипотека кредитлари ажратилади.

ЎзА