Бугунги кунда меҳнат билан банд бўлган аҳолининг 41 фоизи, яъни 5,5 миллион ишчи норасмий иш билан банд бўлганлар ҳисобланади. Улар орасида деҳқон ва фермер хўжаликларида мавсумий ёки вақтинча иш билан банд бўлган хотин-қизлар ҳам талай. Улар норасмий тарзда ишлагани боис пенсия ёшига етганда арзимаган миқдордаги нафақа пули олади. Якка тартибдаги тадбиркорларга ёлланиб ишлайдиган ёлланма ишчилар бундан бир неча йил аввал 30 минг бўлган бўлса, бугунги кунда 8 минг 458 нафарни ташкил этади. Уларни расмий ишчи сифатида расмийлаштиришга қандай тўсиқлар бор?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов лойиҳанинг мазмун-моҳиятини батафсил тушунтирди:

— Амалдаги тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркор 5 тагача ёлланма ишчини расмий равишда ишга олиши мумкин. Уларнинг ҳар бирига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизигача, яъни 150 минг сўм солиқ тўлаши керак. Бу эса тадбиркорларга оғирлик қиляпти. Ўрганишларимиз давомида тадбиркорлар ушбу солиқ миқдорини йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилса, ишчиларни расмийлаштиришда енгиллик бўлишини айтишди. Шу мақсадда Президентимизнинг 2022 йил 30 августдаги тегишли қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Солиқ кодексининг 408-моддасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача камайтирилиши белгиланмоқда. Лекин савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун амалдаги тартиб сақлаб қолинади.

Шу билан бирга, «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси иккинчи қисмига киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланяпти.

Шу сабабли «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатида бўлган жисмоний шахслар ҳамда шахсий томорқа ер участкасида ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ижтимоий солиқ тўловлари ва уларнинг меҳнат стажини ҳисоблашда янада қулайликлар яратишга хизмат қилади, — деди вазир ўринбосари.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА