АОКАда ўтказилган брифингда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров 2022 йил соҳада амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, 2022 йилда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан дунё бўйлаб ҳайвонлар орасида келиб чиқаётган касалликларнинг мамамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида чорва молларининг 35 млн 400 минг боши куйдирги касаллигига, 19 млн 800 минг боши оқсил касаллигига, 2 млн 700 минг боши қорасон касаллигига, 6 млн 800 минг боши нодуляр дерматит касаллигига, 8 млн 300 минг боши ҳайвонлар чечаги касаллигига, 12 млн 300 минг боши бруцеллёз касаллигига, 2 млн 700 минг бош рўйхатга олинган ит ва мушуклар қутуриш касаллигига қарши профилактик эмланди.

Шунингдек, 35,5 млн бош чорва моллари эктопаразитларга қарши профилактик ишлов берилиб, чорва моллари сақланадиган 1 млн 200 та бино ва иншоотларда дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари ўтказилди. Амалга оширилган профилактик тадбирлар ва кўрилган кескин чоралар натижасида ўтган давр мобайнида мамлакатимизда қишлоқ хўжалик ҳайвонлари орасида ўта хавфли юқумли касалликлар кузатилмади.

Республикада фаолият юритаётган деҳқон бозорларига сотиш учун келтирилган 3 минг 952 тонна гўшт 611,7 минг дона тухум, 34 минг 747 тонна сут ва сут маҳсулотлари лаборатория таҳлиллардан ўтказилиб, 25,2 тонна гўшт ва суб маҳсулотлар, 21,2 тонна сут ва сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилди ва ўрнатилган тартибда йўқ қилинди.

Аҳолига сифатли ва хавфсиз гўшт маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида жорий йил мобайнида республика туман ва шаҳарларида замонавий ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари сони 110 тага етказилиб, Ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган сўйилган ҳайвон гўштларининг ягона электрон маълумотлар базаси VIS-Billur тизимида ишлашлари йўлга қўйилди.

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида хорижий гранд маблағлари кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги лабораторияси, ИФА ва ПЦР лабораторияси шунингдек, марказ вивариясига қиймати 1 млрд 800 млн сўмга тенг бўлган замонавий лаборатория ускуналари ва жиҳозлар билан қўшимча таъминланди.

Яратилган имкониятлар натижасида 2022 йил давомида Давлат ветеринария хизмати томонидан 120 млрд сўмга яқин пуллик ветеринария хизматлари кўрсатилди.

Бугунги кунда қўмита томонидан чорвачиликни ривожлантириш, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида илғор хорижий технологияларни фаол жорий этиш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида қатор Халқаро молия институтлари иштирокида умумий суммаси 441,9 млн АҚШ долларига тенг маблағлар жалб этилди.

Аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, республикамизда жами 18 минг 167 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан қорамолчилик йўналишида 7 минг 614 та, қўй ва эчкичилик 3 минг 263 та, йилқичилик 142 та, туячилик 52 та, паррандачилик 1 минг 298 та, балиқчилик 4 минг 829 та, асаларичилик 715 та ва қуёнчилик 254 тани ташкил этмоқда.

Жорий йилда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 9,7 трлн. сўмлик 2 минг 31 та лойиҳа амалга оширилиб, 120 минг нафардан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилди.

Мазкур лойиҳаларга Ҳалқаро молия институтларининг 150 млн доллар имтиёзли кредитлари ҳамда 30 млн доллар грант маблағлари жалб этилди. Ушбу амалга оширилган лойиҳалар доирасида хорижий давлатлардан 46 минг бош наслли қорамол ва 144 минг бош наслли қўй ва эчкилар импорт қилинди.

Бундан ташқари йирик қорамолчилик йўналишида 300 бошдан 500 бошгача бўлган хўжаликлар сони 648 тага, 500 бошдан 1000 бошгача бўлган хўжаликлар сони 256 тага, 1000 бош ва ундан юқори бўлган хўжаликлар сони 171 тага етказилди. Шунингдек,

пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари томонидан 40 та лойиҳалар амалга оширилиб, жами 26 минг бош қорамоллар парвариши йўлга қўйилди.

“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида 249 та гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан ахоли хонадонларига 19,6 минг бош чорва моллари кооперация усулида етказиб берилди.

 

ЎзА