Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 1-4 февраль кунлари водий вилоятларига ташрифи якунлари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов давлат раҳбари ташриф давомида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшларга касб ўргатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берганини таъкидлади. Шунингдек, энергия манбаларини иқтисод қилиш каби масалаларга эътибор қаратилганини қайд этди. Спикер мазкур жараёнларда депутатлар ҳам депутатлик назоратидан самарали фойдаланиб, ислоҳотлар самарадорлигига эътибор қаратиши зарурлигини урғулади.

Шундан сўнг мажлисда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

– Мазкур қонун лойиҳасига кўра, банклар устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич 500 миллиард сўмгача ошириш ҳамда норезидентларга банк акцияларини сотиб олишга бўлган тақиқни сақлаган ҳолда, уларнинг акциядорлари ва бенефициарлари учун мазкур тақиқни бекор қилиш белгиланмоқда, – деди депутат Жавлонбек Эргашев. – Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши банкларнинг капиталлашув даражасини янада ошириш ва ресурс базасини кўпайтиришга, банк фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштириш ҳамда банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш орқали банк секторига стратегик хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.

Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида фракция ва қўмиталарнинг таклиф ва фикрлари эътиборга олинди. Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқиб, уни маъқуллади.

 

Муҳтарама Комилова,    

ЎзА