Бугун, 7 февраль куни эрта тонгда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган “Fujairah Open” халқаро турнирининг асосий баҳсларида тўққиз марта Ўзбекистон байроғини юксалтириб, олти марта ватанимиз мадҳиясини янгратган таэквондочиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Таэквондо WT терма жамоаси аъзолари “Fujairah Open” халқаро турнирининг катталар ўртасидаги мусобақаларида 6 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, тарихий натижага эришди. Боиси, шу пайтгача таэквондочиларимиз ҳеч бир халқаро турнирда 6 та олтин медалга сазовор бўлмаган эди.

– Бундай юксак натижага, энг аввало давлатимиз томонидан биз спортчиларга яратиб берилган шарт-шароит ва эътибор туфайли эришдик. Халқаро турнирда катталар ўртасидаги баҳсларнинг 16 та финалдан ярмида спортчиларимиз ғолиблик учун даянга чиққанлиги ўзига хос натижа бўлиши билан “Париж-2024” Олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди. Бундан ташқари, асосий терма жамоа қатори ёш таэквондочиларимиз ҳам “Fujairah Open” турнирининг қуйи босқич баҳсларида иштирок этаётганлиги муносиб ўриндошлар камол топаётганини кўрсатди, – дейди олтин медаль соҳиби, Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашитов.

Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Таэквондо WT ассоциацияси мутахассислари, спортчиларимизнинг яқинлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Яна бир эътиборли жиҳат, “Fujairah Open” турнирининг ёшлар, ўсмирлар ўртасидаги “G-2” халқаро рейтинг турнири шу кунларда давом этмоқда.

Асосий терма жамоамиз қайд этган ғалабали одимни давом эттиришга чоғланган 20 нафардан зиёд ўсмир таэквондочиларимиз айни кунларда қизғин баҳсларда иштирок этмоқда.

Басҳлар 9 февралга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА