Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов бошчилигидаги делегациянинг Индонезия туризм ва креатив иқтисодиёт вазири Сандиага Салоҳиддин Уно билан учрашувда томонлар ўртасида бир қатор муҳим келишувларга эришилди.

Тадбирда 2024 йил Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган креатив иқтисодиёт ва туризм халқаро конференциясида ушбу мамлакат делегацияси иштирок этиши маълум қилинди. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Маҳдуми Аъзам, Ҳожа Аҳрор Валий, Абди Дорун ва Абди Берун мажмуаларига индонезиялик сайёҳлар учун махсус зиёрат турлари жорий қилиш истиқболи муҳокама қилинди.

Индонезия Таълим, маданият, изланиш ва технология вазирлигида бўлиб ўтган мулоқот чоғида талабалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, “Ипак йўли” туризм халқаро университетида мазкур мамлакат ёшлари учун грант ажратиш, Индонезиянинг биринчи Президенти Сукарнонинг Самарқандга амалга оширган ташрифи ҳақида спектакль тайёрлаш масалалари ҳам кўтарилди.

 

ЎзА