Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 18,6 фоизга ўсиб 50 миллиард доллардан ошди. Унинг 9 миллиард 280 миллион доллари Россия ҳиссасига тўғри келади ва у бу кўрсаткич билан ҳамкор давлатлар орасида биринчи ўринга чиқиб олди.

Ўзбекистон – Россия муносабатлари фақат иқтисодий йўналишдагина эмас, балки ижтимоий соҳаларда ҳам ривожланмоқда. Масалан, биргина журналистика борасида сўнгги уч- тўрт ой ичида россиялик ҳамкасбларимиз икки бор Фарғона ва Тошкент шаҳарларида ўтган халқаро конференция, медиафорумларда иштирок этди.

Февраль ойининг дастлабки кунлари Москва журналистика, оммавий ахборот воситалари муаммоларига бағишланган халқаро конференцияга мезбонлик қилди. Ломоносов номидаги Москва Давлат университети ҳозирги замон ва анъанавий журналистика, ижтимоий тармоқлар, демократик меъзонлар каби долзарб масалалар муҳокама қилинаётган майдонга айланди. Журналистиканинг бирламчи талабларидан бири шубҳасиз холислик бўлган ва ҳозир ҳам шундай.

Конференцияда сўзга чиққан Россиянинг етакчи босма нашрлардан бири дунёнинг 13 та мамлакатида 1,7 миллион нусхада босилаётган “Комсомолская правда” газетаси бош муҳаррири Олеся Носова, “Постскринтум” сиёсий таҳлилий телекўрсатув махсус мухбири Роман Перевезенцевлар спикерлигидаги маърузалар шу мавзуда эди.

–Воқелик рўй беради, уни икки мамлакат оммавий ахборот воситалари икки хил талқин қилади. Баъзида мутлақо бир бирига қарама қарши ахборот берилади. Айтингчи, томошабин, тингловчи кимга ишониши керак?

–Журналистиканинг ва журналистнинг холислик деб аталувчи мажбуриятларига ким риоя этмаяпти?

-Журналист холислиги мажбурийдир, шу жиҳат уни блогердан фарқлаб туради. Менимча томошабин, ўқувчи, тингловчи ўзи учун ишончли оммавий ахборот воситасини танлай билиши керак ва у тарқатаётган ахборотни холис деб қабул қилиши лозим, – деди Роман Перевезенцев.

Бу жавобда холислик журналистиканинг мажбурий меъёри сифатида эмас, ўқувчи, тингловчи, томошабиннинг ёндашуви сифатида талқин қилинди ва шунинг учун хам жиддий мунозарага сабаб бўлди.

Ўзбекистоннинг бугунги кун журналистикаси конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Кўп савол-жавоблар бўлди. Янги Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги, демократик ислoҳoтлар хорижий мамлакат журналист ва олимларигача етиб борган экан.

–Ўзбекистонда жуда хам жиддий ўзгаришлар рўй берди, – дейди Москва давлат университети журналистика факультети декан ўринбосари, профессор Ольга Смирнова. – мамлакат ОАВлари демократик тамойиллар асосида фаолият юритаётганини кузатамиз. Журналистлар ҳаёт хақиқатини, ҳатто амалдаги ҳокимиятга ёқмасада бемалол айта оладилар. Бу жиҳат эътирофга лойиқдир.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилганини мамнуният билан қўллаб – қувватладилар.

Бу журналистик таълимда ўзига хос ҳодисадир, унинг қиёсини ҳеч қаерда учратмаганман. Бўлажак журналистлар учун чуқурлаштирилган академик таълим берадиган университет ташкил қилинибди. Бу, албатта Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда журналистикани ривожлантиришга муҳим эътибор бераётганини кўрсатади, – деди Ольга Смирнова.

Ҳа, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги туфайли Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги обрўси тобора ошиб бораяпти. Бу Москвадаги журналистика муаммоларига бағишланган халқаро конференция минбарида хам эътироф этилди.

Муҳаммаджон Обидов,

Россия Федерацияси, Москва, 3-4 февраль