Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу давлатга расмий ташрифи икки мамлакатнинг дўстлик ҳамда шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очди.

Ташриф доирасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм масалалари бўйича ҳужжатлар, шунингдек, 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдорда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги битимлар имзоланди.

Айни пайтда парламентлараро алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегациянинг БААга ташрифи доирасида ушбу мамлакат Федерал миллий кенгаши раиси Сақр Ғобаш билан учрашувда юқоридаги ютуқлар эътироф этилди.

Мулоқотда парламентлар ўртасидаги муносабатлар изчиллигини таъминлаш, хусусан, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, гендер тенглик ва ёшлар масалалари бўйича  ўзаро тажриба алмашиш мақсадга мувофиқ эканлигига эътибор қаратилди.

Сенат Раиси T.Норбоева олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш ҳамда бу соҳада Амирликлар парламенти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва “халқ дипломатияси”нинг муҳим жиҳати ҳисобланган “Дўстлик гуруҳлари” фаолиятини жонлантириш лозимлигини таъкидлади.

Парламентларнинг биргаликда савдо-иқтисодий, инвестиция, хизматлар соҳасидаги эришилган келишувларнинг амалга оширилишига хизмат қиладиган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш таклиф этилди.

БАА Федерал миллий кенгаши раиси Сақр Ғобаш икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий, инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик Амирликлар учун устуворлигини айтиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу муҳим масалага алоҳида эътибор бераётганини инобатга олиб, БАА Федерал миллий кенгаши Ўзбекистонда инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашувда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, электрон парламентни жорий этишда тажриба алмашиш каби масалалар бўйича келишиб олинди. Икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қонун ижодкорлиги, қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини ривожлантириш борасида ахборот ва тажриба алмашишни кенгайтириш каби масалаларни қамраб олган Сенат ва Федерал миллий кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.


ЎзА