Маълумки, мамлакатимизда машҳурлар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларга ўхшаш шахсларнинг дори воситаларини реклама қилиши тақиқланади. Шунингдек, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига маълум талаблар мавжуд.

Хўш, бу қандай талаблар? Қайси дори воситаларини реклама қилиш тақиқланган? Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди.

— Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунига кўра, Дори воситаларини реклама қилишда айрим нарсалар тақиқланган. Хусусан, таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши тақиқланади. Мазкур талаб фойдаланувчилари фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бўлган рекламага, тиббиёт ёки фармацевтика кўргазмалари, семинарлари, конференциялари ва бошқа шунга ўхшаш тадбирлар ўтказиладиган жойларда тарқатиладиган рекламага, шунингдек, босма нашрларга жойлаштирилган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсиялари, шахсларнинг миннатдорчилиги ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш, касаллик ва дори воситаларининг инсон организмига таъсири натижасида инсон организмида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги видеолавҳа, тасвир ёки визуал намойишдан фойдаланиш, дори воситаларини ҳаддан зиёд ва нотўғри ишлатишга ундаш, шифокор маслаҳатини олмасдан мустақил равишда даволаниш ёки жарроҳлик аралашувини амалга ошириш имконияти тўғрисида таассурот (ишонч) уйғотиш ҳамда дори воситалари муваффақиятли қўлланилганига доир муайян ҳолларга ҳавола қилинадиган рекламалар тақиқланади.

— Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламасига ҳам талаб мавжудми?

— Албатта. Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламасида дори воситасини ножўя таъсирлари мавжуд эмаслиги жиҳатидан ноёб, энг самарали, энг хавфсиз деб тақдим этмаслик лозимлиги кўрсатилган.

Шунингдек, дори воситасининг таркиби, келиб чиқиши, янгилигига ёки патентланганлигига нисбатан янглишишларга олиб келмаслик, дори воситаси овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимча, косметик маҳсулот ёки гигиена воситаси ёхуд бошқа ҳар қандай турдаги товар эканлигини таъкидламаслик, реклама таъсирини кучайтириш мақсадида бошқа дори воситалари билан нотўғри таққослашларга йўл қўймаслик, мазкур дори воситасининг таъсири кафолатлангани тўғрисидаги тасдиқни ўз ичига олмаслик ҳамда инсон саломатлиги дори воситасини қабул қилмаслик оқибатида ёмонлашиши мумкинлигини уқтирмаслик керак.

Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламаси ҳар бир ҳолда уларни қўллашга ва улардан фойдаланишга қарши кўрсатмалар мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассислар маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

— Тиббиёт ходимлари ва тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган дори воситаларининг рекламасига оид қоидалар ҳам мавжудми?

— Мавжуд. Тиббиёт ходимлари ва тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган дори воситаларининг рекламаси дори воситалари тўғрисидаги илмий маълумотлар рўйхатига тўлиқ мос келиши керак. Жумладан, ҳар бир доза учун фаол модданинг миқдори, ножўя ҳолатлар ва асосий номақбул таъсирлар, қарши кўрсатмалар, огоҳлантиришлар ва мазкур дори воситасини эҳтиёткорлик билан қўллаш керак бўлган ҳолларга доир ахборот, бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири, тегишли илмий манбаларга, шунингдек қўшимча ахборот олиш имконияти ва манбаига ҳавола ҳамда мазкур рекламадан фойдаланувчилар фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эканлиги тўғрисидаги ахборот тўғри келиши лозим.

Яна бир муҳим қоида шундаки, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак. Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.


Гулноза Бобоева, ЎзА