Тошкентдаги “Россия уйи” майдонида РФнинг Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси қошидаги Ишбилармонлар клубининг 2-йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида “Магнит” компаниясининг мамлакатимиздаги фаолияти форматини кенгайтириш масаласи ҳамда енгил саноатдаги кооперация истиқболи муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар Жиззахдаги Россия – Ўзбекистон технопарки билан танишди.

– Биз ишбилармонлар клуби долзарб масалаларни, масалан, Ўзбекистон бозорида ишлашнинг ўзига хос хусусиятларини муҳокама қилиш, учраётган тўсиқларни бартараф этиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашиш учун амалдаги доимий майдончага айланишига ишонамиз, – деди савдо вакили Константин Злигостев.

Томонлар жорий йил апрель ойида Тошкентда учинчи бор ўтказиладиган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасига тайёргарлик жараёнини ҳам кўриб чиқдилар.


Г.Абдуллаева, ЎзА