Халқ банки томонидан нодавлат олий таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, банк томонидан 2022 йилда ташкил этилган Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети Тошкент филиалини ташкил этишда молиявий кўмак кўрсатилди.

– Бундан ташқари талабаларимизнинг аксарияти банк кредитларидан фойдаланган ҳолда шартнома пулларини тўлаган, – дейди университет ректори Шавкат Мавлонов. – Бу эса илмга чанқоқ йигит-қизларнинг орзулари ушалиши ва олий таълим олиши учун кўрсатилган ёрдам, ғамхўрликдир.

Таълим муассасасида асосий эътибор илм-фан, таълим ва инновацияларни ривожлантириш орқали иқтисодиёт ва инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган келажак етакчиларини тайёрлашга қаратилган бўлиб, дарслар ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Университетда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари, иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, солиқлар ва солиққа тортиш, компьютер инжиниринги, педагогика ва психология, хорижий тил ва адабиёт (инглиз тили), бошланғич таълим, тарих каби йўналишлар мавжуд.

Келгусида хорижий тиллар йўналишида немис, француз, турк, форс тиллари бўйича таълим беришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шунингдек, етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибалари асосида доимий ривожланишни таъминлаш, ўқув жараёнларига дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, миллий ва халқаро таълим рейтингларида муносиб ўринларни эгаллаш мақсад қилинган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА