Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, шунингдек Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой ва Шуманай туманларида шароити оғир оилалар, фуқаролар қўллаб-қувватланади ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмаси ривожлантирилади.

Бу ишга Республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри жалб қилинган.

Қорақалпоғистон Республикасидаги барча овул ва қишлоқлардаги аҳоли турар жойлари ҳамда ички йўллар ҳолати бўйича ўтказилган хатловда оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли 21 094 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ҳамда 709 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойни янгидан қуриш, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бириктирилмаган Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткул туманларидаги 2 минг километр тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Нукус шаҳри, шимолий ҳамда жанубий туманлардаги рўйхатга киритилган уйларда амалга ошириладиган ишлар параметрлари аниқ.

Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни қисда муддатларда якунлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДУКга пудратчи ва лойиҳа ташкилотлари, шунингдек, товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар учун махсус ахборот порталида танлов ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштирмасдан энг яхши таклифларни танлаш орқали аниқлаш ваколати берилган.

Барча вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун жойларда жамоатчилик назорати ўрнатилади ва амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар кенг жамоатчиликка етказиб борилади.

                                                                                                  ЎзА