Сўнгги йилларда олий таълим тизимига нодавлат ва хусусий сектор, шунингдек, кўплаб хорижий олий ўқув юртлари ва филиалларининг кириб келиши ижобий ҳолат бўлди. Бир жиҳатдан олий таълимнинг қамрови кенгайса, иккинчидан, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида ижобий маънодаги ўзаро рақобат таъминланади.

Қолаверса, тизимда бозор қонунлари ишлай бошлайди. Зеро унинг натижаси муҳим ҳисобланади. Чунки ҳар бир олий ўқув муассасаси сифатли кадрлар тайёрлаш учун курашади. Рақобат ва бозор сифатсиз маҳсулотларни ёқтирмайди. Натижада рақобатбардош кадр яратиш ҳар бир олий таълим муассасасининг асосий мақсадига айланади. Натижа кутилганидек юқори бўлади. Шуларнинг ўзиёқ таълимдаги ислоҳотлар чуқур ўйланган ҳолда олиб борилаётганини англатади.

Яна бир маълумот. Бугунги кунда Халқ банки томонидан ҳам таълимни қўллаб-қувватлаш, молиявий кўмак бериш борасида қатор ишлар олиб бориляпти. Бугунга қадар молия муассасаси республикадаги 10 га яқин таълим даргоҳлари билан ишлаб келмоқда. Шундай ислоҳотлар натижасида кўплаб нодавлат таълим муассасалари ўз фаолиятини йўлга қўймоқда.

Жорий йилнинг 1 февраль куни Халқ банки томонидан журналист ва блогерлар учун Тошкент вилояти Ангрен университетининг очилиш маросимига бағишланган пресс-тур ташкил этилди. Ангрен университети Халқ банкининг йирик мижозларидан бири бўлган хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, Халқ банки таълим муассасаларининг самарали фаолиятида кўмаклашиш баробарида, ОТМда таҳсил оладиган талабалар ўқишига ҳам молиявий кўмак бериб келмоқда. Жумладан, 2022 йилда тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларининг 40 фоизи Халқ банки томонидан амалга оширилган. Банк томонидан 52 мингга яқин талабанинг тўлов контракт пули тўлаб берилди. Шундан 78 фоизи хотин-қизлар ҳисобига тўғри келади.

– Шуни алоҳида айтиш жоиз, ушбу университет Халқ банки молиявий кўмагида ташкил этилди, – дейди Ангрен университети ректори Комилжон Синдоров. – Буларнинг барчаси банклар халққа хизмат қилаётганининг намунаси. Бундан ташқари ҳозирда университетимизда 2 минг 500 та талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 70 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Талаба қизларимизнинг 100 фоиз тўлов контракт пулини Халқ банки тўлаб берди. Энг муҳими бугунги кунда банклар, хусусан Халқ банки халқимизга халқчил хизматини аямаяпти. Кейинги ўқув йилига йўналишлар сонини кўпайтириш ва магистратура босқичини йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Университетнинг асосий мақсади жамиятимизга рақобатбардош кадрларни тайёрлашдир.

Маълумки, Ангрен шаҳри географик жойлашуви бўйича Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларига қулай жойлашганлиги, Фарғона водийси билан чегарадошлиги, мўтадил иқлим шароитларига эга экани сабабли талабалар таҳсил олишлари учун жуда қулай.

Университетда талабалар учун барча керакли бўлган шароитлар тўлиқ яратилган. Талабалар турар жойи, кутубхона, спортзал, ахборот ресурс маркази тўлиқ жиҳозланган. Таълим сифатини назорат қилиш мақсадида ҳар бир ўқув хоналари кузатув камералари билан жиҳозланган бўлиб, ҳар бир дарс масъуллар томонидан назорат қилиниши йўлга қўйилган.

Ўқув режа ва дастурлар таянч олий таълим муассасалари билан келишилган бўлиб, хорижий тажриба асосида шакллантирилган. Дарс машғулотларини интерактив тарзда ташкил этиш мақсадида хоналар охирги русумдаги электрон доскалар билан жиҳозланган.

Бугунги кунда университетда 8 та таълим йўналиши фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, даволаш иши, мактабгача таълим, бошланғич таълим, педагогика ва психология, миллий ғоя маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими, молия ва молиявий технологиялар, иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳа бўйича), хорижий тил ва адабиёти.

Пресс-турда қайд этилишича, 4 январдан 15 январга қадар онлайн ҳамда офлайн тарзда абитуриентлардан жами 4 минг 200га яқин ҳужжатлар қабул қилинди. Танлов натижаларига кўра 2 минг 500га яқин талабалар университетга қабул қилинди. Aйни пайтда профессор-ўқитувчилар таркиби ёш, иқтидорли ходимлар билан тўла шакллантирилди. 70 га яқин иш ўринлари яратилди.

– Мен ҳам талабалик бахтига мушарраф бўлдим, – дейди Ангрен университети талабаси Шаҳноза Комилова. – Ўтган йили Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга ҳужжатларимни топширган эдим. Аммо, ўқишга кира олмадим. Ангрен университетига ҳужжатларимни топширдим. Даволаш иши йўналишига ўқишга кирдим. Энди мен ҳам талабаман. Келажакда режаларим кўп. Шу соҳанинг етук мутахассиси бўлиб, халқимизга виждонан хизмат қиламан. Давлатимиз томонидан хотин-қизларни ўқитиш борасида ҳам кўп имтиёзлар яратилганига амин бўлдим. Халқ банки тўлов контракт пулини тўлашда ёрдам берди.


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА