Пойтахтимизда Ўзбекистонда атроф-муҳит ҳолати ҳақидаги миллий ҳисобот учун методология ишлаб чиқишга доир кириш семинари ўтказилди. Табиат ресурслари вазирлиги, БМТ тузилмалари – Европа иқтисодиёт коммиссияси (ЕИК), Атроф-муҳит бўйича дастур (ЮНЕП), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ташкил этилган анжуманда вазирлик, идоралардан 30 га яқин мутахассис иштирок этди.

Иштирокчилар Канада Барқарор ривожланиш институти вакили Ливия Бизикова томонидан тақдим этилган “DPSIR” (Driver-Pressure-State-Impact-Response) схемаси билан танишди. Халқаро эксперт мазкур схеманинг интеграциялашган секторлараро сиёсатни шакллантиришдаги афзаллигини аниқ мисоллар орқали батафсил кўрсатиб берди.

Жамият ва атроф-муҳит ўртасидаги алоқани тасвирлашнинг сабаб-тергов чизмаси сифатида фойдаланиладиган мазкур схема атроф-оламга таъсир кўрсатаётган антропоген ва табиатнинг тўғридан-тўғри юкламаси, шунингдек, инсон ривожланиши билан боғлиқ ушбу таъсирни ҳаракатга келтирувчи юқори даражали кучни англашга ёрдам беради.

— Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатининг “Яшил трансформация” шароитида Ўзбекистонда экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш, табиий муҳит ҳолатини баҳолаш, ён-атрофга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни вақтида аниқлаш ва бартараф этиш чораси кўрилмоқда, — дейди Ўзбекистон табиат ресурслари вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков. — Айни йўналишдаги ишларни янада самарали ташкил этиш учун фаол ва ишончли маълумот базасига эга бўлиш жуда зарур.

— Атроф-муҳит ҳолати ҳақидаги миллий ҳисобот — экологик вазият баҳоси ва ўзгаришни чақирувчи сабаб-тергов боғланиши таҳлилини ўз ичига олган таҳлилий ҳужжат, — деди БМТ ЕИК минтақавий маслаҳатчиси Сарангу Раднаарагчаа. — Ушбу ҳисобот методологияси комиссиямизнинг атроф-муҳит ҳолати ва муҳофазаси ҳақидаги давлат ҳисоботларини тайёрлаш бўйича йўриқномасига асосланган.

Тадбир доирасида Қозоғистон ва Словакия давлатларининг миллий ҳисобот ишлаб чиқиш амалиёти муҳокама қилинди.

— Биологик хилма-хиллик нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳисса қўшади, балки озиқ-овқат хавфсизлигини, қишлоқ аҳолисининг барқарор даромадини таъминлашга ҳам ёрдам беради, — дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. — Соғлом озиқ-овқатга эга бўлиш учун бизга соғлом атроф-муҳит зарур. Бунда биологик хилма-хиллик ва озиқ-овқат хавфсизлиги ўртасидаги боғлиқлик муҳим аҳамият касб этади. Биологик хилма-хиллик билан боғлиқ барқарор ривожланиш соҳасидаги бир неча мақсадларни амалга оширишга масъул ҳисобланган ФАО айни мақсадларга эришишда, хусусан, маълумот йиғиш, мониторинг қилиш ва ҳисобот бериш бўйича салоҳиятни ошириш орқали аъзоларга ёрдам кўрсатади.

Мазкур таълим семинари иштирокчиларига янги методология асосида миллий ҳисобот тайёрлашда “DPSIR” воситасини қўллаш ва истиқболда бундай таҳлилий материалларни мунтазам равишда тайёрлаб бориш бўйича кўникма беради.


Г. Абдуллаева, ЎзА