Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Даврон Милиевнинг маълум қилишича, ўтган бир йил ичида қурилиш соҳасида бошланғич қиймати 21,83 триллион сўмлик 12 мингдан ортиқ объект бўйича электрон тендер ўтказилди.

Шунингдек, давлат дастурлари доирасида бошланғич қиймати 14,3 триллион сўмлик 8 минг 467 та объект бўйича инсон омилисиз савдолар ўтказилди. Натижада давлат дастурлари доирасида жами 698,8 миллиард сўм иқтисод қилинган.

Маълумот учун, электрон тендерлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий этилган.

Тендер жараёнларида инсон омили чекланиши натижасида коррупцияга барҳам берилди. Энг асосийси ушбу соҳадаги тадбиркорлик субъектларида ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳалол тендер ғолиби бўлиши мумкинлиги фикири шаклланди.

Аммо ушбу соҳадаги ҳамма тадбиркорлик субъектлари ҳам яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Шартнома шартларини бажаришда совуққонликка йўл қўйиш, ҳар бир ютиб олинган объект бўйича рейтинг балидан 5 фоиз чегирма жорий этилишидан олдин ўз куч ва имкониятларини ҳисобга олмасдан бир нечта объектларни ютиб олган айрим пудратчилар томонидан ишларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Қурилиш-пудрат ташкилотларининг Давлат харидлари бўйича пудрат шартномалари ижросини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, айрим пудрат ташкилотлари ишларнинг катта қисмини субпудратчиларга бериб юбормоқда. Бу ҳолат солиқ органларига пудратчилар томонидан ҳар ойда топширилаётган счёт-фактураларга мувофиқ асосланмоқда.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА