Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари инвестиция билан боғлиқ хорижий тажрибани ўрганди. Мазкур таҳлил асосида соғлиқни сақлаш, таълим, электр энергияси ва сув таъминоти, йўл-транспорт, маълумотларни қайта ишлаш ва узатиш тизимларини ривожлантиришга киритилган инвестицияларнинг Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишга таъсирини баҳоловчи эластиклик коэффициентини ҳисоблаб чиқди.

Ҳисоб-китоблар Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди кесимида 2010-2021 йилларда ушбу тармоқларга киритилган инвестициялар ва ялпи ҳудудий маҳсулот  бўйича  маълумотларга асосланилган. Тадқиқот инфратузилма тармоқларига инвестицияларнинг киритилиши иқтисодий тараққиётга таъсир кўрсатиши бўйича илмий жиҳатдан қуйидаги хулоласаларни тақдим этди:

  • инфратузилманинг барча тармоқларига киритилган инвестициялар иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатади;
  • инсон капиталини ошириш билан боғлиқ инфратузилмага киритилган инвестициялар энг юқори таъсирга эга, яъни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларига киритиладиган инвестициялар 1 фоизга ошганда, ЯҲМ мос равишда 0,52 фоизга ва 0,43 фоизга ўсади;
  • транспорт ва рақамлаштириш соҳаларини ривожлантириш учун киритилган инвестициялар ҳам иқтисодиётнинг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга, яъни ушбу тармоқларга йўналтирилган инвестициялар 1 фоизга ошганда, ЯҲМ мос равишда 0,32 фоизга ва 0,30 фоизга ўсади.

– Электр энергияси ва сув таъминоти тармоқларига киритиладиган инвестицияларнинг таъсири бошқа инфратузилма тармоқларидагига нисбатан пастроқ, яъни ушбу соҳаларга йўналтирилган инвестицияларнинг 1 фоизга ошиши ЯҲМнинг мос равишда 0,16 фоиз ва 0,08 фоиз ўсишига олиб келади.

Назарияга кўра, бундай натижа ушбу соҳаларга киритилган инвестициялар нисбатан узоқроқ вақтдан сўнг иқтисодий фойда келтириши билан изоҳланади. Шу билан бирга, ушбу тармоқлар бошқа соҳаларнинг ривожланиши учун асос эканлигини ёддан чиқармаслик лозим. Уларни ривожлантирмасдан иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига инвестиция киритиш кутилган натижани бериши қийин, дейилади таҳлилда.

 

ЎзА