“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Даниянинг Копенгаген консенсус маркази билан ҳамкорликда миллий стратегик ҳужжатларни даврий равишда экспертлик таҳлилидан ўтказиб бориш ва баҳолаш бўйича илғор хорижий амалиётни ўрганиш ҳамда тажриба алмашишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, 2022 йилнинг ноябрь ойида “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертларининг Швецияга ташрифи асносида бўлиб ўтган учрашувда келгусида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинган эди. Мазкур тадбир Стокгольмдаги мулоқотнинг амалий натижаси бўлди.

Икки мамлакат “ақл марказ”ларининг экспертлари иштирок этган тадбирда дастлаб сўз олган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирокчиларни 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг доирасида амалга оширилаётган ишлар билан таништириб ўтди.

Копенгаген консенсус маркази директори Бёрн Ломборг Ўзбекистонда амалга оширилаётган Тараққиёт стратегияси бўйича ўз фикрларини билдирди.

–Тараққиёт стратегияси каби ўрта ва узоқ муддатли стратегик миллий ҳужжатларни даврий равишда экспертлар таҳлилидан ўтказиб бориш, мазкур йўналишда сафарбар қилинаётган моддий ҳамда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва юқори натижаларга эришиш имконини беради. Хусусан, бизнинг марказ Осиё ва Африка мамлакатларида, жумладан Индонезия, Того, Уганда, Малави каби давлатларнинг миллий стратегиялар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича амалий ишларини, баҳолаш ва экспертлик таҳлилидан ўтказган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Марказ экспертлари томонидан Ҳиндистоннинг миллий стратегияси баҳолаш жараёнидан ўтказилмоқда, – деди эксперт.

Шунингдек, тадбир доирасида “Тараққиёт  стратегияси” маркази ва Копенгаген консенсус маркази  ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Англашув меморандуми ҳам имзоланди.

Тадбир якунида Копенгаген консенсус маркази “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини эътироф этди. Томонлар қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, миллий стратегиялар билан боғлиқ турли илмий, услубий ва таҳлилий материалларни тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашишга келишиб олишди.

 

ЎзА