Жорий йилнинг 16-18 май кунлари Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик анжумани бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли халқаро тадбирга тайёргарликнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган ЕТТБ Бош котиби Казухико Когучи билан учрашдик.

Таъкидлаш керакки, Президентимиз ташаббуси билан бир қанча халқаро анжуманларга мезбонлик қилган қадимий ва навқирон Самарқандда ушбу тадбирни ўтказиш бўйича ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланади.

ЕТТБнинг йиллик анжуманига бутун дунёдан 73 та банк бошқарувчилари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда турли компаниялар вакилларидан иборат 2 мингга яқин меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда. Бу Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб қилиш баробарида, мамлакатимиз туризм салоҳиятини яна бир бор кенг намойиш этиш имкониятини яратади.

Шунингдек, бўлажак нуфузли тадбирга ташриф буюрадиган хорижлик меҳмонлар юртимиз номоддий маданий меросининг энг сара намуналари, жозибадор туризм салоҳияти, гастрономияси, ҳунармандчилиги ва фольклор санъати билан яқиндан танишадилар.

Дарвоқе, жаноб Казухиконинг таъкидлашича, мазкур нуфузли анжуманни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида ЕТТБ веб-сайтида алоҳида саҳифа очилади. Бу ҳам биз учун муҳим.

Ўйлаймизки, халқаро тадбир доирасида муҳокама қилинадиган барча масалалар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жонажон Ватанимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва жаҳондаги имижини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Озодбек Назарбеков,

маданият ва туризм вазири