Пойтахтимизда Италиянинг “CREA” тадқиқотлар маркази экспертлари томонидан “Операцион/Инновацион гуруҳлар: Европа Иттифоқи тажрибаси” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган БМТ Тараққиёт дастури (БМТ ТД) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ қўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш”(«EU-AGRIN») лойиҳаси доирасида уюштирилди.

Гибрид форматда ўтган семинарда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари, бизнес, ННТ, шунингдек, фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди. Соҳани ривожлантиришга йўналтирилган инновацион гуруҳларни яратиш ва бошқариш бўйича ЕИ тажрибаси ва билимини кўрсатиш мақсадида “CREA” экспертлари томонидан бир қатор амалий тақдимотлар намойиш этилди, европалик экспертлар ва маҳаллий иштирокчилар ўртасида мунозаралар бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, инновацион гуруҳлар қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш, салбий оқибатларни юмшатишга ёрдам берувчи илмий-амалий ечимга эга инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Гуруҳ таркибига фермерлар, тадқиқотчилар, тадбиркорлар, агробизнес ва ташкилотлар вакиллари кириши мумкин.

– Ўзбекистонда инновацион гуруҳларни ривожлантириш иқлим ва ҳудуд шароитига мос келувчи юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш имконини беради, – дейди БМТ ТД лойиҳалари миллий координатори Улуғбек Исломов. – Бу йўналишда ЕИ илғор тажрибасини ўрганиш ва қўллаш муҳим аҳамият касб этади.


ЎзА