Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ва 2021 йил 17 мартдаги  “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорлари қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлашга  “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Белгиланган вазифалар асосида 2022 йилда мазкур ташкилот мамлакатимиз товар бозорларида шаффофликни таъминлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва бозор тамойилларини жорий этиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширди.

“Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти матбуот котиби Ҳикматулло ТИЛЛАБОЕВ айнан шу ишларнинг натижалари ва истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.

– Юқорида таъкидлаб ўтилган қарорлар ижроси бўйича “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти томонидан 2022 йил давомида мамлакатимиз товар бозорларида шаффофликни таъминлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш ва бозор тамойилларини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди, – деди Ҳ.Тиллабоев. –  Ўтган йилда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида 100 мингдан зиёд янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди. Бу 2021 йилга нисбатан 1,5 маротабага кўп демакдирдир. Бир вақтнинг ўзида биржада тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча қулайликлар яратилиши натижасида улар томонидан биржада сотилаётган маҳсулотларнинг сони ва ҳажми ҳам ўсди.

Дейлик, ички бозорда юқори ликвидли ва монопол товар бўлмаган маҳсулотлар бўйича биржа комиссия йиғимлари икки баробарга қисқартирилиши натижасида ўтган йили биржа орқали 1 минг 249 та сотувчи корхонанинг 1 минг 220 турдаги монопол ва юқори ликвидли бўлмаган маҳсулотлари сотилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини биржанинг истиқболли товарлар секциясида сотиш тартиби соддалаштирилганлиги сабабли биржанинг мазкур товар секциясида 1,1 триллион сўмлик янги 198 турдаги маҳсулотлар сотилди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 майдаги қарорига асосан ун ва ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши ташкил қилинди.

Ўтган даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 860,7 минг тонна ун ҳамда 926,7 минг тонна буғдой биржа савдолари орқали барча тадбиркорлик субъектларига эркин сотилди. Бунда буғдойни сотишда фермерлар биржанинг комиссион йиғими ва гаров маблағлари тўловидан озод этилди.

Биржанинг аксарият товар бозорлари барқарор ҳолатни намоён этди. Хусусан, мис, полиэтилен, полипропилен ва суюлтирилган газ маҳсулотлари ўртача сотилиш нархлари 2021 йилга нисбатан деярли ошмаган бўлса, пахта ёғи ва толасининг ўртача нархи ўзининг максимал даражасига нисбатан  43 фоизга, шакар  30 фоизга, сульфат аммония  28 фоизга, техник чигит  28 фоизга, қора металл 16 фоизга ва буғдой  5 фоизга пасайганини кўришимиз мумкин.

Эътиборлиси, ўтган даврда Польша, Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон каби мамлакатларда биржанинг янги хорижий савдо майдончалари очилиб, уларнинг сони 34 тага етказилди. Мазкур хорижий савдо майдончаларнинг фаоллашуви натижасида ўтган йили Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида 501,3 миллион АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди. Шу жумладан, Қозоғистонда ташкил қилинган 7 та савдо майдончалари орқали 905,2 минг тонна буғдой ва 224,1 минг тонна ун маҳсулотлари сотилди.

Юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида жорий этилган биржанинг e-logistika.uzex.uz электрон логистика порталида онлайн савдолар фаоллаштирилди. 2022 йилда мазкур порталда 12,5 миллиард сўмлик 6 мингдан зиёд шартнома тузилди.

Шунингдек, etender.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 15 фоиз миқдорида преференция қўллаш ва тузилган шартномаларга қўшимча келишув тузиш имкони яратилди. Давлат харидлари бўйича электрон савдо тизими xarid.uzex.uz да жами 36,7 триллион сўмлик 1 миллиондан зиёд битимлар тузилди. Тузилган битимларнинг ҳажми 2021 йилга нисбатан 3,3 маротабага ўсди. avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 304,1 миллиард сўмлик 118 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди.

Режалар ҳақида тўхталганда, Президентимизнинг 2022 йил 24 ноябрдаги қарори ижроси асосида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур стратегияга мувофиқ биржанинг янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини жорий этиш, давлат харидлари, электрон тижорат савдо тизимлари ва электрон логистика порталини такомиллаштириш режалаштирилган.

Албатта, ҳар бир ташкилот томонидан йил якунлари бўйича сарҳисоб қилинади ва натижалар  кенг жамаотчиликка маълум қилинади.  Шундан келиб чиқиб, куни кеча Республика товар-хомашё биржасида оммавий ахборот воситалари учун “Биржа савдолари ва электрон тижорат соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва истиқболлари” мавзуида матбуот анжуманини ташкил этдик. Қизғин муҳокама, таҳлил ва саволлар асосида ўтказилган анжуман тафсилотлари журналистлар ва блогерларнинг мақола, видео ҳамда фотолавҳаларида янада яққол ўз ифодасини топади.


ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.