Мамлакатимизда, шу жумладан, Наманганда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, вилоятда шарқона яккакураш ўйинлари оиласига кирувчи таэквондо WT турига қизиқувчи ёшлар сафи ортиб бораётгани натижасида мазкур спорт тури бўйича халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда сезиларли натижаларга эришилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Таэквондо (WT) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Наманган вилоятидаги 130 та умумтаълим мактабида 2023 йил 1 январдан бошлаб яқин беш йил давомида босқичма-босқич равишда таэквондо (WT) бўйича дарсдан ташқари алоҳида спорт секциялари ташкил этилади. Қолаверса, 2024 йилда Ҳукумат қарорига мувофиқ Наманган шаҳрида таэквондо (WT) барпо этилади.
Қайд этиш жоиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида таэквондо WT бўйича Марказий Осиё давлатлари спортчилари иштирокидаги “III Namangan оpen” халқаро турнири юқори савияда ташкил этилди.
Айни пайтда, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси Наманган вилояти бўлими томонидан 2024 йилда Франциянинг Париж шаҳрида бўлажак навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига лицензия берувчи халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоятнинг энг сара 12 нафар ёш, иқтидорли таэквондочиси Ўзбекистон терма жамоаси сафида 2023 йилнинг 9 февралига қадар давом этадиган, “G-2” халқаро рейтинг бал берувчи турнирда иштирок этиш учун Бирлашган Араб Амирликларининг Фуджейра шаҳрига жўнаб кетди.
Маъмуржон Нозимов ва Давронали Соаталиев мураббийлигида спорт билан мунтазам шуғулланиб, кўкси медалларга тўлаётган Нурсултон Ҳакимов, Диёра Имомалиева, Гулшаной Исмоилова, Ҳожиакбар Абдурасулов, Гулсанам Алижонова, Асадбек Соаталиев, Азима Аҳмаджонова, Маржона Хаитова, Марварид Омонжонова, Зарнигор Хусниддинова, Зилолабону Қурбоналиева ва Умидахон Ҳасанова 41 килограмдан 73 килограмгача бўлган вазн тоифаларида баҳслашади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА