Фармон ва ижро

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида соҳа масъуллари ана шу мавзу доирасида маълумот берди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ва бошқалар 2022 йилдаги фаолият якунларига тўхталиб ўтар экан, мамлакатимизда крипто-активлар айланмаси соҳасида самарали ишлар қилинганини таъкидлаб ўтди.

Хусусан, миллий крипто-бозорнинг институционал тузилмаси яратилди ва кенгайтирилди. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялашнинг янгиланган тизими жорий этилди.

Агентликнинг Крипто-активлар айланмасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Асқаржон Зокировнинг қайд этишича, ўтган йил соҳа ривожи йўлида олиб борилган ишлар натижадорлиги билан муҳим аҳамиятга эга бўлди. Яъни, базавий қонунчилик кучга кирди.

– Президентимизнинг 2022 йил 27 апрелдаги фармони асосида Агентликка тегишли вазифалар юклатилган. Бу вазифалар доирасида 2022 йил давомида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом, крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимлар миқдорини белгилаш, уларни тўлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом, крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш каби йўналишларда норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, бу даврда халқаро тажрибани ўрганишга ҳам эътибор қаратилди. Ўтган йил якунида эса Агентлик, Солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турларини, яъни белгиланган миқдорда йиғим тўлаш бўйича тегишли ҳужжат қабул қилган. Бу ҳужжат асосида лицензия олган хизматлар провайдерлари ҳар ой йиғимларни давлат бюджетига тўлаб туради. Шу тариқа, лицензиялаш тизимини янгилаш ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимларни тўлаш тизимини жорий этиш натижасида бюджетга қўшимча 3,5 миллиард сўм маблағ жалб этилди. 2023 йилда ҳам катта режаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Мисол учун айтганда, айрим норматив ҳужжатлар устида ишлаш ва уларни кучга киритиш, шунингдек, ишлаб чиқилган майнинг фаолиятини ташкил этиш борасида чора-тадбирларни амалга оширмоқчимиз, – деди А.Зокиров.

Тадбирда крипто-активлар айланмаси янги соҳа бўлишига қарамай, амалга оширилган ташаббуслар натижасида крипто-активлар миллий бозори институционал жиҳатдан, хусусан, хизматлар провайдерларининг янги турларини жорий этиш ҳисобига кенгайтирилгани алоҳида эътироф этилди.

– Бу каби ишлар самарасида тўртта крипто-дўконга фаолиятни амалга ошириш учун лицензия берилган бўлиб, улар МДҲ ва Марказий Осиёдаги илк қонуний крипто-дўконлар ҳисобланади, – деди Агентликнинг Лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнлари бўлими бошлиғи Нодиржон Жўраев. – Шу билан бирга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартлар талабларига риоя этилишини таъминлаш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш ва крипто-активлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш Агентлик фаолиятининг алоҳида устувор йўналишидир. Айни чоғда бу борада ишлар тизимли олиб борилмоқда.


Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири