Қарор ва ижро

Кейинги пайтда қурилиш материаллари саноати ривожи йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳада инвестицион муҳитни яратиш, йирик корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, маҳсулотлар сонини кўпайтириш, Маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлаш каби чора-тадбирлар бу борада муҳим омил бўлмоқда.

Шу каби саъй-ҳаракатлар сабабли 2022 йилда қурилиш материаллари соҳасида 30,7 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шундан 11,2 триллион сўмлик маҳсулотлар “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, цемент ишлаб чиқариш ҳажми соҳа бўйича 14,6  миллион тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 102,9 фоизга ўсди. 35 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 36 миллион квадрат метр керамик плитка, 69 миллион квадрат метр гипсокартон плиталари, 2,85 миллион метр куб газобетон блоклари ишлаб чиқарилган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 1,4 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 152,0 фоизга ошди. Соҳа бўйича 2022 йилда  импорт ҳажми 593,6 миллион долларни ташкил қилди.

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси  масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.

Унда 2022 йилда қурилиш материаллари саноатида амалга оширилган ишлар бўйича эришилган натижа, ютуқ, мавжуд муаммо ва режалар таҳлилига аҳамият қаратилди.

Қайд этилганидек, 2022 йилда соҳа бўйича 1,8 миллиард долларлик, шу жумладан, 1,08 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Бунда уюшма бўйича Инвестиция дастурига асосан 30 та лойиҳа доирасида 173 миллион долларлик маблағлар, шу жумладан, 90,1 миллион доллар тўғридан-тўғри  хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

– Эътиборлиси, ўтган йилда қиймати 71,2 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилиб, бунинг натижасида 952 янги иш ўрни яратилди. Масалан, Сирдарё вилоятида “Евроосиё газобетон” МЧЖ томонидан жами қиймати 19,5 миллион доллар ҳисобига йиллик қуввати 400 минг метр куб газобетон ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Бу эса юзта иш ўрнини яратиш имконини берди. Шунингдек, Тошкент вилоятида «AKFA BUILDING MATERIALS» МЧЖ томонидан ҳам 27,8 миллион доллар инвестиция  ҳисобига йиллик қуввати 450 минг метр куб бўлган газобетон блоклари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 100 та янги иш ўрни яратилди, – деди “Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси  бошқарма бошлиғи Баҳром Аллабергенов.

Анжуманда экспорт  салоҳияти ва унинг географиясига ҳам асосий урғу берилди. Хусусан, 2022 йилда 608,0 миллион долларлик қурилиш маҳсулотлар экспорт қилинган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 138,7 фоизни ташкил этди.

– Рақамлар таҳлилига кўра, 81,9 миллион долларлик ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлари, 91,8  миллион долларлик керамика маҳсулотлари, 40,3 миллион долларлик алюмин профил ва алюминдан ясалган маҳсулотлар, 38,4 миллион долларлик обои ва бошқа қоғоз маҳсулотлари экспорт қилинган, – деди “Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси  бошқарма бошлиғи Қосим Муҳаммадиев. – Жорий йилнинг ўтган даврида қурилиш материаллари экспорт географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар, яъни Қозоғистон, Россия Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон каби мамлакатлар қаторига Таиланд, Бельгия, Исроил, Испания, Франция, Хорватия, Беларусь, Ироқ, Бразилия давлатлари ҳам қўшилди.

Тадбирда 2023 йилда қурилиш материаллари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, жами 35,3 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва бунда ўсиш 115 фоизни ташкил этилиши кутилмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан умумий қиймати 717,8 миллион долларлик 21 та лойиҳа бўйича хорижий инвестиция ва  кредитлар  ўзлаштириш белгиланган. Жорий йил якунига қадар  Инвестиция дастурига асосан 9 та лойиҳани ишга тушириш ва 860 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.


Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири