Жорий йилнинг 16-18 май кунлари ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилиши Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида мазкур нуфузли тадбирни юртимизда ўтказиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Тадбирда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Бош директори Шуҳрат Вафоев, Банк томонидан эса Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган ЕТТБ Бош котиби Казухико Когучи иштирок этди.

Имзоланган ҳужжат ЕТТБ аъзо 73 та давлатдан 1500 дан ортиқ меҳмон иштирок этадиган ЕТТБнинг йиллик йиғилиши ва бизнес-форумга тайёргарлик кўриш, тадбирларни ўтказиш ва ёритиш бўйича ҳар бир томоннинг аниқ ташкилий вазифаларини белгилайди. Бундай юқори даражадаги тадбирнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон инвестициявий ҳамжамиятидаги обрўсини оширишга ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, ишбилармон доиралар вакилларига мамлакатимизнинг иқтисодий, сармоявий, саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти, бой маданияти билан батафсил танишиш имконини бериши кутилмоқда.

Тадбирнинг асосий мавзуси иқтисодиёт барқарорлигига сармоя киритиш бўлади. Йиғилиш давомида Банкка аъзо мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратилган панел муҳокамалари ўтказилиши режалаштирилган. Бизнес-форумда макроиқтисодий вазият, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда хусусий сектор ва давлатнинг роли, ҳудудлараро муносабатлар, иқтисодий интеграция, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш ва бошқа кўплаб масалалар юзасидан экспертлар иштирокида муҳокама қилинади.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йил 28 мартда ташкил этилган. Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан буён мазкур йирик банкнинг аъзоси ҳисобланади. Банкнинг Тошкент шаҳрида ваколатхонаси 1993 йил майда, Андижон шаҳрида 2019 йил октябрда, Урганч шаҳрида – 2021 йил июнь ойида очилган.

Қайд этиш жоиз, ЕТТБ йиғилишини Самарқандда ўтказиш учун ариза Ўзбекистон томонидан 2019 йилда тақдим этилган. Ўша йилнинг ўзида ЕТТБ делегацияси йиллик йиғилишни мамлакатимизда ўтказиш имкониятини ижобий баҳоланган эди.

 

Г.Сатторова  

ЎзА