Президент ташрифидан сўнг…

Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки даврлариданоқ Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича тегишли қарорларни имзолади. Хусусан, мамлакатимизда биринчи президент таваллуд топган кунни – 30 январни нишонлаш анъанага айланди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Биринчи президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Давлат раҳбари ташрифидан сўнг Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темир Ширинов билан суҳбатлашдик.

– Мустақил Ўзбекистон тараққиётига дахлдор бўлган, халқ меҳрини қозонган давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов хотираси ҳамиша юртдошларимиз ёдида. Бугун мустақиллигимиз даври тарихи ҳақида кўп гапирилмоқда. Халқимиз бу тарих билан ғурурланади. Президентимиз Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуага ташрифи чоғида Биринчи Президент музейини ташкил этиш ишларининг бориши билан ҳам танишди. Шу кунларда музейнинг яратилиш ишлари якунланмоқда. Президентимиз бу даргоҳнинг очилиши учун ишларни жадаллаштириш, бу жараёнда нималарга аҳамият беришимиз кераклиги бўйичи тавсияларини берди. Музейни ташкил қилиш жараёнида 1 минг 200 дан ортиқ экспонат жамланди. Шунингдек, ҳар бир зал ва бўлимда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланилди. Юзга яқин электрон қурилмалар – планшет ва экранлар ишлатилди. Натижада бу маскан бошқа президентлар, сиёсий арбобларга бағишланган музейларнинг экспонатларига нисбатан қаралганида энг бойларидан бири бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ўтмишни унутмаслик нуқтаи назаридан қилаётган бу каби эзгу ишлари халқимиз, кенг жамоатчилик вакиллари, экспертлар томонидан жуда юқори баҳоланаётганини алоҳида эътироф этиш лозим.


Икром Аввалбоев, ЎзА