Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ФВВ бўлим бошлиғи Абдусами Аҳмадов иштирокида брифинг ташкил этилди ва Нукус шаҳрида содир бўлган ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берилди.

Қайд этилишича, жорий йил 29 январь куни соат 16:15 ларда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри «Темир йўл» маҳалласидаги 4 қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши натижасида портлаш содир бўлган.

Юзага келган кинетик зарба натижасида бино конструкцияларига қисман шикаст етган. Ҳодиса жойида ФВВ қутқарувчилари ва тегишли идоралар томонидан қидирув-қутқарув ва вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилган. Қидирув-қутқарув ишлар давомида 30 январь куни соат 02:30 ларда ФВВ қутқарувчилари томонидан турли даражадаги жароҳатлар билан вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ чиқариб олиниб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Шунингдек, орадан 30 дақиқа ўтиб бино конструкциялари орасидан бир нафар фуқаронинг жасади топилган эди. Эрта тонгга келиб, вайроналар остидан яна 4 нафар фуқаронинг жасади топилиб, жами ҳалок бўлганлар 5 нафар бўлди.

Ҳозирда воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев бошчилигидаги мутасаддилар етиб борган, ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари бошлаб юборилди.

Шу ўринда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги содир бўлиши мумкин бўлган газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, ёнғин ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қолади.

Хусусан, газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин нефть маҳсулотлари ва бошқалар) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши лозим. Агар хонада газ ҳиди чиқса, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланиш тақиқланади. Дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўриш керак бўлади. Газни зудлик билан ўчириб, хона деразаларни очиш лозим. Ёритувчи ҳамда бошқа электр асбоблар ёқилмаслиги, ёниқ бўлса, ўчирмаслик керак.

Ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш ҳамда газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш мумкин эмас. Иситиш печлари дудбуронларининг тоза ва соз ҳолатда бўлишини таъминлаш муҳим.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА