Давлатимиз раҳбарининг 26-27 январь кунлари Қирғиз Республикасига қилган давлат ташрифи юзасидан нафақат маҳаллий, балки хорижий экспертлар ҳам қизғин фикр билдирмоқда.

Фотима Бадавий, Мисрнинг «Ахбор ал-Йаум» газетаси мухбири:

– Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ва Садир Жапаров билан ўтказган самарали, таъбир жоиз бўлса, тарихий учрашуви натижалари бошқалар учун намуна бўла оладиган даражада кечди.

Ўзбекистон Президенти Қирғизистонни муҳим стратегик ҳамкор, энг яқин қўшни ва вақт билан синалган дўст, дея эътироф этиши икки давлат ўртасидаги муносабат мутлақо янги босқичга кўтарилганидан далолат.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини делимитация қилиш якунлангани, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича ҳамкорлик, ташриф доирасида турли соҳаларни қамраб олган 25 ҳужжат имзолангани икки қардош халқ дўстлиги учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Мазкур ташрифнинг кўлами, мақсади мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатга мўлжалланган дўстлик, ишончли шерикликка пухта замин яратди.

Ўтган йил якунида ўзаро товар айирбошлаш  1,3 миллиард долларга етган,  300 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилган. Ташриф арафасида бўлиб ўтган бизнес-форум доирасида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик салмоқли битимлар тўплами имзоланди. Демак, мамлакатлар иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Қолаверса, ўртада улкан салоҳият ҳам мавжуд.

Менга маъқул келган яна бир жиҳат шуки, Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиё миқёсида олиб бораётган ташқи сиёсати бутун минтақада хавфсизлик мустаҳкамланишига, чегаралар аро савдо фаоллашувига олиб келди.

Зеро, яқин қўшничилик риштасини, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш аҳоли фаровонлиги, мамлакатлар барқарорлиги кафолатидир.

Макс СЕЙ, «Kingsley Strategic Institute» институти ижрочи директори (Малайзия):

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабат мутлақо янги босқичга кўтарилиб, юу борада тарихий натижаларга эришилди. Хусусан, сиёсий мулоқот фаоллашди, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқа кенгайди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини делимитация қилиш якунланди, ҳудудлараро ҳамкорлик фаоллашди.

Бишкекда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, энергетика, электротехника, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, агросаноат ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишдан томонлар бирдек манфаатдорлигини яна бир бор намоён этди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор жиҳатлари жуда муҳим ва ўз вақтида белгилангани билан эътиборли. Энди томонлар ўзаро савдони ва номенклатурани кенгайтириш, автомобилсозлик, замонавий маиший техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш каби соҳаларда янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқадилар.

Транспорт-логистика соҳасидаги шерикликни кенгайтириш ҳар икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини жадаллаштириш ўзаро савдони, сармоявий алоқа кўламини кенгайтириш, биргаликда лойиҳалар амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Моҳиб Аҳмад ХОН, «Atyab Foodtech» компанияси бош менежери (Ўмон):

– Янги Ўзбекистон учун Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яқин қўшничиликни, ўзаро манфаатли алоқани ривожлантириш ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26-27 январь кунлари Қирғизистонга қилган давлат ташрифи ўта муҳим аҳамиятга эга.

Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг сиёсий иродаси, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникациялари самарадорлигини ошириш каби кўплаб долзарб маслаларга ечим топилди.

Навбатдаги музокара давомида қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлардан бири – Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация, шубҳасиз, икки қўшни мамлакатнинг, қардош халқнинг умумий манфаати йўлидаги ҳамкорлик янада ривожланишига хизмат қилади.

Томонлар корхоналар ва сармоядорлар иштирокида энергетика ва кон тармоғида, жумладан, кўмир саноатида йирик инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилишидан манфаатдор эканини таъкидлади. Бу борадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш учун Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти кенгайтириладиган бўлди.

Умуман, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабат яхшиланиши икки биродар халқ фаровонлиги, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширади, хорижий давлатлар ва сармоядорлар билан ҳамкорлик учун

кенг имконият яратади.

Пак Жунг ХО, Халқаро иқтисодий сиёсат институтининг Россия-Евроосиё гуруҳи раҳбари (Жанубий Корея):

– Ўзбекистон-Қирғизистон муносабати барча соҳаларда жадал равнақ топаётгани билан ажралиб туради. Ҳар икки томон ўзаро алоқани янада чуқурлаштиришга катта аҳамият бермоқда. Муҳими, яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга бўлган умумий интилиш эътирофга лойиқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи буни яна бир бор тасдиқлади.

Ташриф якуни бўйича имзоланган муҳим ҳужжатлар тўплами ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги яна бир дадил қадам бўлиб, минтақада тинчликни таъминлашга ҳам хизмат қилишига шубҳа йўқ.

 

 

ЎзА