Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўшни Қирғиз Республикасига давлат ташрифи икки давлатнинг бугуни ва келажагини белгиловчи муҳим манфаатли шартномаларнинг имзоланиши ҳамда халқларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг Қирғиз Республикасига ташрифи амалий жиҳатлари, ҳамкорлик истиқболлари юзасидан Парламент қуйи палатаси депутатлари ўз фикрларини билдирди.

Қодир ЖЎРАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари:

– Ўзбек ва қирғиз ўртасида кўп қиррали алоқалар яхши йўлга қўйилган бўлиб, сўнгги 5-6 йилдан буён улкан ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Самарали ҳамкорлик замирида икки мамлакат миллий манфаатлари ҳамда давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган доимий мулоқоти мужассам бўлмоқда.

Ҳозирда ўзаро ҳамкорлик кўплаб соҳаларда ривожланиб, стратегик шерикликнинг янги даражасига кўтарилди. Икки мамлакат ўртасидаги борди-келди алоқалар мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда.

Савдо-иқтисодий муносабатларга назар ташласак, улар динамик тарзда ўсиб бораётганини кўришимиз мумкин. 2016 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланмаси 7 баробарга ўсиб, 167,5 миллион доллардан 1 миллиард 260 миллион долларга етди. Яқин йилларда мамлакатлар ўзаро товар айланмаси миқдорини 2 миллиард долларга етказиш режалаштирмоқда.

Икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигида парламентлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилда Қирғизистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғиз Республикаси Жоқоргу Кенеши ўртасида парламентлараро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиш мақсадида 2020 йилда Парламентлараро комиссия ташкил қилинди. Бугунги кунга қадар мазкур Комиссиянинг 2 марта (2018 йилда Фарғона шаҳрида ва 2019 йилда Ўш шаҳрида) йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатда туб бурилиш ясади. Хусусан, нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни бутунлай янги мазмун билан бойитиб, юқори босқичга олиб чиқиш жараёнини тезлаштирди.

Зеро, ташриф чоғида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартнома имзоланди. Унга кўра ўзаро чегаранинг салкам 85 фоизи белгилаб олинди. Мазкур шартнома имзолангандан сўнг ўзбек – қирғиз чегарасида 18 та назорат пункти очилди. Бу эса икки мамлакат фуқароларига анча қулайлик яратди.

2017-2022 йиллар мобайнида эса чегаранинг қолган 15 фоиз (баҳсли) участкаларида делимитация ва демаркация қилиш ишлари олиб борилди. Ҳар икки томондан ҳам алоҳида комиссия тузилиб, гоҳ Ўзбекистонда, гоҳ Қирғизистонда, бир неча бор учрашув ва музокаралар ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, комиссия ўта мураккаб масалаларни кўриб чиқди ва катта натижаларга эришди.

Ниҳоят, 2022 йилнинг 3 ноябрида Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисида алоҳида  битим имзоланди.

Мазкур шартномага мувофиқ ўзбек-қиргиз Давлат чегарасининг 35 та участкаларини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 км бўлган чегара чизиғини делимитация қилиш ишлари якунига етказилди. 2022 йилнинг декабрь ойида ушбу шартнома ва битим ҳар икки мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиши кўп томонлама ўзбек — қирғиз муносабатларининг кейинги йилларда янада фаоллашган ҳаракатлари мантиқий давоми бўлди.

Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида бўлиб ўтган учрашув давомида охирги икки йилда ўзаро муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқишга эришилгани, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилгани мамнуният билан қайд этилди.

Музокараларда икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ишончимиз комилки, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, минтақалараро, маданий-гуманитар ҳамда парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга ижобий туртки беради. Умуман, икки қардош мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга замин яратади.

Дилбар МАМАЖОНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ўзбек ва қирғиз халқларини боғлаб турган ришталар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Тарихи, дини, тили ва маданияти муштарак бўлган қўшни Қирғиз Республикаси бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз, дўстимиз бўлибгина қолмай, икки халқни яқин қариндош-уруғчилик ришталари ҳам боғлаб туради. Икки халқ ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда мутлақо янги даражага чиқди.

Яхши қўшничилик алоқалари давлатлар ўртасида саноат, тўқимачилик, энергетика, кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган асосий устувор йўналишларга тўхталиб, биринчи навбатда ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалаларини илгари сурди. Бугунги кунда икки давлатда ҳам ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрламоқда. Ички бозорларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, икки мамлакат пойтахтларида савдо марказларини ташкил этиш тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар эшигини очади.

Шу билан бирга, саноат кооперацияси доирасида қарийб 500 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифи қўшимча иш ўринларининг яратилишига имкон беради. Маълумки, мамлакатимизда автомобилсозлик, замонавий маиший техника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенг ривожланиб бормоқда. Фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳам шулар жумласига киради.

Президентимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни муҳим йўналиш деб қайд этди. Бунинг учун интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, картошка, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва шунга ўхшаш бошқа қўшма лойиҳаларни ишга туширишга қаратилган агрокооперация дастури амалга оширилади. Бунинг натижасида икки халқ дастурхони тўкин-сочин бўлишига эришилади.

Транспорт ва логистика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни фаоллиштириш ва шу мақсадда, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ишларини жадаллаштириш, “Андижон-Ўш-Иркиштом” автомобил йўлининг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва қўшма транспорт-логистика компанияси ташкил этилиши эса икки халқни бир-бирига боғловчи, қариндош-уруғчилик ришталарни мустаҳкамловчи “кўприк” бўлади, албатта. Шу ўринда, мамнуният билан таъкидлаш мумкин-ки, 26 январдан бошлаб Фарғонадан Қирғизистонга микроавтобус қатнови қайта тикланди.

Умуман олганда, ташриф давомида қатор стратегик соҳалар бўйича муҳим келишувларнинг имзоланганлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этиш билан бирга, қардош ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилади.


ЎзА мухбири Ш.Неъматов тайёрлади