Ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга жадал кириб келаётган бугунги кунда нафақат маҳсулот, балки хизматни ҳам АКТ орқали сотиш ва харид қилиш имкони пайдо бўлган.

Мамлакатимизда ҳам АКТни жамиятнинг барча соҳаларига жорий этиш ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланиш, фуқароларнинг ахборотга ортиб бораётган талаб-эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш, жаҳон ахборот жамиятига кириш, жаҳон ахборот ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш учун қулай шарт-шароит яратилмоқда.

“Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати” китоби яратилиши айни йўналишдаги ишларнинг давоми.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан мазкур китоб тақдимоти ўтказилди.

Изоҳли луғатни яратишдан кўзланган асосий мақсад АКТ соҳаси ходимлари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари ҳамда барча қизиқувчилар фойдаланиши мумкин бўлган терминологик базани шакллантириш, қолаверса, АКТ соҳасида ўзбек тилини жорий қилиш имкониятини янада кенгайтириш ҳамда атамаларнинг нафақат ўзбек тилидаги эквиваленти, балки маънодошини ҳам тўғри, аниқ танлаш имконини яратишдан иборат.

Алифбо тартибида жойлаштирилган 10 мингга яқин атамани ўз ичига олган ушбу луғат вазирлик ҳамда “UNICON.UZ” ДУК мутахассислари томонидан ишлаб чиқилди.

Луғатни тузишда техникага оид хорижий адабиётлар, маълумотномалар, норматив ҳужжатлар, ўқув қўлланмалари, Халқаро электр алоқа иттифоқи тавсиялари ҳамда Интернет материалларидан фойдаланилди.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги атамаларнинг таърифи ва инглиз, рус тилларидаги муқобили келтирилгани ушбу луғатнинг қулай жиҳатларидан яна бири.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2000 нусхада нашр қилинган китоб нафақат Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги корхона, ташкилотлар, балки мамлакатимизда фаолият юритувчи барча вазирлик, идоралар, маҳаллий ҳокимликларга бепул тарқатилади.

Тақдимот давомида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар, нашр қилинган изоҳли луғатлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, кундан кунга ривожланиб бораётган соҳа сифатида ITга кириб келаётган янги атамалар жамланиб, ушбу изоҳли луғат кейинчалик янада бойитилиб, қайта чоп этилиши маълум қилинди.

– Сир эмас, бугунги кунда жой номлари, четдан кириб келган атамалар жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Табиий география кафедраси ўқитувчиси Мухриддин Авезов. – Ана шундай муҳокама ва баҳсларга барҳам бериш мақсадида “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати”  яратилмоқда. Бу китобда жой номларини танлашда нималарга эътибор қаратилиши, баъзи атамаларнинг маъноси содда ва тушунарли тарзда ифодаланган. Ушбу нашр ҳам кенг жамоатчилик учун муҳим ижодий манбага айланади.

Тадбир иштирокчилари давлат тилида иш юритиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига оид саволларга ҳам тегишли жавобларни олди.


Г.Сатторова, ЎзА