Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир, Қораўзак ва Чимбой туманларида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, котибият мудирлари, фуқаролар йиғинлари раисларининг билимларини оширишга бағишланган ўқув-семинарлар ташкил қилинди.

Тадбирда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси  Маҳалла  ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда туманлар Адлия бўлимлари  масъул ходимлари иштирок этди.

Семинарда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тушунтириш, депутатларнинг қонуний ҳуқуқи ва мажбурияти тўғрисида, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш усуллари, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги  Қорақалпоғистон Республикаси қонуни, фуқаролар йиғинларининг бошқарув тартиби ва ҳужжатлар билан ишлашни йўлга қўйиш, фуқаролар йиғинлари раисларининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тартиби тушунтирилди.

Бунда асосан, Мурожаатномада устувор йўналишлар бўйича  белгилаб берилган вазифалар, депутатлар фаолиятини янада жонлантириш, айниқса сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган муаммоларга ечим топиш ва уни бартараф этишдаги амалий ишларини оммавий ахборот воситаларида мунтазам, тезкор ёритиб бориш юзасидан сўз юритилди. Жумладан, босма нашрларида мақола беришда нималарга эътибор қаратиш кераклиги, телевидение ва  радиода интервью беришнинг ўзига хос жиҳатлари,  депутатларнинг  ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини юритиб бориши ва уларга маълумотларни жойлаштириб бориш бўйича маълумот берилди.

Семинар давомида туман кенгашлари депутатлари, котибият мудирлари ва фуқаролар йиғинлари раисларининг масъулиятини янада ошириш, иш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Мазкур мавзудаги  ўқув-семинарлари Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.


Довуд Абибуллаев, ЎзА