“Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими маблағи эвазига Амударё туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож 66 та оилада яшовчи нуронийларга 10 тонна кўмир бепул тарқатилди.

– Республика ҳудудида об-ҳаво ҳароратининг кескин тушиши ва табиий газ босимининг пасайиб кетиши натижасида январь ойи аҳолига бирмунча қийинчиликлар туғдирди, – дейди Амударё туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи маслаҳатчиси Баҳодир Болтабоев. – Шу муносабат билан, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан туман марказидан чекка ҳудудларда яшаётган якка-ёлғиз, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларда яшовчи нуронийларнинг кўмирга бўлган эҳтиёжи ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар натижасида “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан туманга 10 тонна кўмир маҳсулоти олиб келинди. Жорий йил  25-27 январь кунлари 66 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилада яшовчи нуронийларга бепул тарқатилди.

Шунингдек, тумандаги “Тўлқин” овулида яшовчи, 1948 йил туғилган Жумабой Тиловбоевнинг ногиронлар аравачасига муҳтожлиги аниқланиб, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг амалий кўмаги билан аравача олиб келинди ҳамда шу куни эгасига топширилди.


Довуд Абибуллаев, ЎзА